7 май куни Ўзбекистондаги илк Илмий лойиҳалар акселератори — C.A.T. Science Accelerator финали бўлиб ўтди, дея хабар қилди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Инновацион ривожланиш ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази директори Шаҳло Турдиқулованинг маълум қилишича, марказда юқори технологияли кичик компаниялар учун мавжуд инфратузилма, хоналар, лабораториялар ва асбоб-ускуналарни имтиёзли шартларда тақдим этган ҳолда Инновацион стартап-акселератор ва стартап-инкубатор ташкил қилинди. 2018 йилнинг сентябрь ойида акселератор ўз ишини бошлади. Унга 130 та ариза тушиб, улардан 28 та лойиҳа танлаб олинди. Акселератор ишининг олти ойи давомида финалгача 17 та жамоа қолди.

Финалга қадар етиб келган лойиҳалар:

  • SolSys — автоном қуёш сув таъминоти;
  • UzAdditive — мойлаш материаллари учун присадка ишлаб чиқариш;
  • Пектин — маҳаллий хомашёдан пектин ишлаб чиқариш;
  • SNP (silver nanoparticles) — кумуш нанозаррачаларини қўшган ҳолда упа ишлаб чиқариш;
  • The MeT — сунъий ақлни қўллаган ҳолда бизнес учун интеграллашган методология;
  • SilkMedSeam — ипакдан стерил тикув материаллари ишлаб чиқариш;
  • U-test — глюкоза миқдорини мониторинг қилиш учун тест тасмалари;
  • Dental Paper — маҳаллий хомашёдан стоматологлар учун артикуляцион қоғоз ишлаб чиқариш;
  • N E F (New Ecological Feed) — ўсимлик хомашёсидан емларнинг янги рецептурасини ишлаб чиқиш;
  • ЛиПач (Liquid Patch) — суюқ пластир ишлаб чиқариш;
  • Xumo Casting Technologies — заргарлар учун қуйиш мосламаси;
  • MicroSpace — чумоли фермалари ва бошқа энтомологик ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқариш;
  • S.O.C. (Stop oral cancer) — оғиз бўшлиғи шиллиқ пардасининг онкологик касалликларини эрта ташхислаш;
  • Geoberry — геология-геофизика асбоб-ускуналарини ишлаб чиқариш;
  • H.pylori PCR test — ПЦР усулида Helicobacter pylori бактериясини аниқлаш технологияси;
  • Second breath (Сурфактант) — ўпка сурфактанти таҳлили асосида ўпка касалликларини экспресс-ташхислаш.

Акселераторнинг барча иштирокчиларига сертификатлар топширилди, лойиҳаларини энг яхши тақдим этган 3 та жамоа эса эсдалик совғаларини олди. Жамоаларнинг бизнес-режалари Инновацион ривожланиш вазирлигининг танлов комиссияси томонидан алоҳида баҳоланади ва молиялаштиришга тавсия этилади.

«Бугунги кунда мамлакатимизда самарали стартап-экотизимини яратиш жуда муҳим бўлиб, унинг ривожланишида акселератор ва инкубаторлар, шунингдек венчур фондлар муҳим ўрин тутади, — деди инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров. — Шу вақтга қадар стартапларнинг аксарияти IT соҳаси билан боғлиқ бўлиб, илмий йўналишдаги мутахассис ва ёш жамоалар бир четда қолиб кетаётган эди. Негаки, уларнинг лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш учун замонавий лабораториялар керак, зарур материаллар ҳам анча маблағни талаб этади».

Акселератор директори Владимир Цойнинг таъкидлашича, акселератор фаолияти давомида жамоалар турли семинар ва тренингларда иштирок этиб, бизнес асослари, солиққа тортиш тизими, бизнес-режалаштириш, корхонанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, инвесторлар олдида чиқиш учун презентация тузиш асослари каби мавзуларда малакаларини оширишди.

Жамоаларнинг чиқишларини DEKOS компанияси директори Хасан Мамасаидов, инновацион ривожланиш вазирлигининг халқаро маслаҳатчилари Ербол Сулейменов ва Жамшид Авлони, GroundZero коворкинг директори ўринбосари Зуҳра Абдураҳмонова, Савдо-саноат палатаси бўлим бошлиғи Усмон Раҳимжонов, VRonica компания вакили Акмал Солихов, «Яшнобод инновацион технопарки» ДУК директори Фарҳод Жумаев, Nazarbayev Universityнинг Бизнес-инкубатор директори Болат Султангазин баҳолади.