Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Юнусобод туманининг собиқ ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Абдусаматовга нисбатан жиноят иши бўйича очиқ суд жараёни бўлиб ўтмоқда. 1 май куни бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов иштирок этди. Унда томонлар сўзга чиқди.

Туманнинг собиқ раҳбари билан бирга вақтинча ишсиз Ўлмас Мухамедсаидов (1970 й. т.) ва Ўзбекистон Давлат туризм қўмитасининг «Миллий PR-маркази"нинг собиқ бош директори Шоҳруҳ Маликов (1982 й. т.) ҳам суд қилинмоқда.

Суд мажлиси жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислигида ўтмоқда.

Қайд этиш жоизки, томонларнинг сўзга чиқиши 11 апрелда бўлиб ўтиши лозим эди, бироқ 1 май кунига қадар «прокурорнинг тайёр эмаслиги» сабаби билан мажлис етти маротаба ортга сурилди.

Сардор Аҳмедов.

Тошкент прокурори ёрдамчиси Сардор Аҳмедов ўз нутқида Бахтиёр Абдусаматовга (1976 й. т.) нисбатан аввал илгари сурилган Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) бўйича айбловни олиб ташлашни, бироқ ЖК 205-модда 2-қисм «а» бандида (ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жуда катта миқдорда зарар етказган ҳолда) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, беш йил муддатга қамоқ жазоси тайинланишини сўради.

У, шунингдек, Ўлмас Мухамедсаидов ҳаракатларидан 212-моддасини (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) чиқариб ташлаш, бироқ 168-модда (фирибгарлик) ва 211- модда (пора бериш) моддалари бўйича айбдор деб топиб, 12 йил муддатга қамоқ жазосига тайинланишни сўради.

Шоҳруҳ Маликовдан эса прокурор ёрдамчиси 212-модда 3-қисм «а» банди (ҳақ эвазига пора олиш-беришда воситачилик қилиш) бўйича айбловни олиб ташлаш ҳамда худди шу модданинг «б» ва «в» бандларини (жуда кўп миқдорда пора олиш ёки бериш вақтида ҳамда уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб) 168-модда 4-қисм «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 211-модда 3-қисм «а» бандига (жуда кўп миқдорда пора бериш) қайта малакалашни ҳамда 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилишини сўради.

Абдусаматов ҳимояси

YouTube орқали кўриш

Қуйида «Газета.uz» судланувчининг адвокати Тимур Раҳматуллаевнинг асосий далилларини келтириб ўтади.

Бахтиёр Абдусаматовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши материаллари таҳлили унинг ҳаракатларида ЖКнинг 205-(ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-(пора олиш) моддаларида кўзда тутилган жиноят таркибларининг йўқлигини кўрсатмоқда.

Тергов органлари қўшимча текширув тадбирларини ўтказиш йўли билан тасдиқланган далилларни тўпламаган. Уйдирма ва тахминларга асосланиб, материалларни Давлат хавфсизлик хизмати тергов органларига тақдим этган ва етарлича далиллар базаси бўлмасдан жиноят иши қўзғатилишини муваффақ бўлган. Аслида эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари порахўрлик тўғрисидаги баёнот ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда кўриб чиқишда қонун талабларига қатъий амал қилинишини таъминлаш бўйича биргаликдаги йўл-йўриқларни қабул қилиши талаб этилади, дея таъкидлади адвокат.

6 сентябрь куни Юнусобод тумани ҳокими в. б., дахлсиз шахс мақомига эга (Жиноят-процессуал кодексининг 223-моддаси) депутат Бахтиёр Абдусаматов Халқ депутатлари кенгаши ва Тошкент ҳокимининг рухсатисиз номаълум тезкор ходимлар томонидан қўлга олиниб, тезкор бўлинмаларга етказилган.

Ҳимоячининг сўзларига кўра, тергов органлари Бахтиёр Абдусаматовни жиноят устида қўлга олиш бўйича тадбирларни амалга оширмаган.

7 сентябрь куни маҳаллий ва хорижий ОАВ, жумладан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) сайтида ҳамда ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Юнусобод тумани ҳокими в. б. туман ҳудудидан маҳаллий ёки хорижий инвесторга ер участкасини ажратишга кўмаклашиш учун пора сифатида 400 минг доллар миқдорида пул мукофотини олаётган вақтда ушлангани тўғрисидаги хабарлар эълон қилинди. Адвокатнинг тасдиқлашича, бу — ёлғон ахборот.

Суд тергови доирасида иштирокчи шахслар ва ҳимоячи томон жиноят иши қўзғатилишига хизмат қилган эълон қилинган даъво материаллари далилий ашёларни сунъий равишда ҳосил қилиш ва келгусида адолатсиз айблор эълон қилиниши учун Бахтиёр Абдусаматов ушланганидан сўнг олинган, дея маълум қилди Тимур Раҳматуллаев.

У қўлга олинган вақтдан бошлаб ҳимоячи томон «қўпол процессуал қоидабузарликлар» (ноқонуний қўлга олиш ва тезкор бўлинмаларда ушлаб туриш, ушлаб туриш муддатларининг бузилиши, тергов иштирокчиларига босим ўтказиш ва бошқалар) суд тергови жараёнида ўз тасдиғини топди, деди адвокат.

Бахтиёр Абдусаматовнинг сўзларига кўра, у билан номаълум тезкор вакиллар суҳбат қилиб, унга туман тадбиркорларидан йирик миқдорда пора олгани бўйича шубҳали далилларни тақдим этган.

Ушбу ходимлар 600 минг доллар миқдорида пул маблағи топшириб, айбига иқрорлик мактуби ёзса ва раҳбарият топшириғи бўйича бажарганидан афсусда эканини айтиб видеомурожаат йўлласа, Бахтиёр Абдусаматов қўйиб юборилиши ва туман ҳокими в. б. лавозимида ишлашда давом этиши мумкинлигини таъкидлайди.

Судланувчи ушбу пулларни ўзлаштирмаганини, бироқ гўёки «раҳбарлик» томонидан берилган кўрсатмаларга қарши боришни истамасдан кейинги уч кун ичида танишлари ва қариндошларидан тезкор ходимлар айтган пулларни топишни сўраганини маълум қилди.

Турар жой гаровга қўйилиб, бошқа одамлардан қарз олиниб ва ўз маблағлари йиғилганидан сўнг 400 минг доллар миқдоридаги пул яқин қариндошлари томонидан қисм-қисм қилиниб 7−10 сентябрь кунлари Бошқармага олиб келинади, деди ҳимоячи.

Тимур Раҳматуллаев.

Шундай қилиб, руҳий босимлар ҳамда яқинларига нисбатан ҳам жиноят иши очилиши тўғрисидаги таҳдидлар остида қолган Бахтиёр Абдусаматов уларга пора олгани тўғрисида ёлғон кўрсатма беришга мажбур бўлади. Ҳимоячининг сўзларига кўра, ушбу ёлғон кўрсатмалар республика раҳбарларига етказилган.

Бироқ шундан кейин ҳам судланувчи қўйиб юборилмайди ва 9 сентябрь куни ДХХ тергов изоляторига етказилади.

10 сентябрь куни эса ёлғон кўрсатмалар асосида жиноят иши қўзғатилади, шу куннинг ўзида қўлга олинганлик тўғрисида баённома тузилади, деди Тимур Раҳматуллаев.

Унинг сўзларига кўра, даъво материаллари ушбу шахсларга босим ўтказиш вақтида олинган ва кўрсатмалар ёлғон ҳисобланади, айрим шахсларнинг кўрсатмалари бир неча маротаба ўзгарди. Суд тергови ўз имкониятидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик йўли билан пул маблағлари олган шахсларни аниқлади. Бу ҳам дастлабки тергов доирасида ўз исботини топди, деди адвокат.

Тергов органлари 400 минг доллар миқдоридаги пулнинг пора сифатида олинганини ва автомашиналар кўринишидаги мол-мулкларнинг хатланганини асослаб бера олмади. «Ҳатто кейинчалик илгари сурилган алоҳида эпизодлар бўйича ўз тасдиғини топмаганига қарамасдан, айблов механизми ишга туширилган ва тўхтатилмаган», — деди Тимур Раҳматуллаев.

Жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган ишнинг ҳолати ва асосларига кўра, Бахтиёр Абдусаматов 6 сентябрь куни ЖКнинг 210-моддасида (пора олиш) кўзда тутилган жиноятни содир этишда ёки содир этилгандан кейиноқ ушланмаган, яъни далилий ашёлар билан қўлга олинмаган, деб ҳисоблайди адвокат.

Раислик қилувчи судья Зафар Нурматов (марказда).

Ҳимоячининг фикрича, айнан шу сабаб билан депутатни ЖПКнинг 221-модда 1-банди бўйича сунъий равишда қонуний йўл билан қўлга олиш учун ОАВда Юнусобод тумани ҳокими в. б. гўёки пул маблағларини пора сифатида олаётганда (далилий ашёлар билан) ушлангани тўғрисидаги хабарлар ва миш-мишлар сунъий равишда тарқатилганини асослаш мумкин.

Бундан ташқари, 6 сентябрь куни 19:00 га қадар Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши раҳбарининг Бахтиёр Абдусаматовни жиноий жавобгарликка тортишга розилиги мавжуд бўлмаган. Фақатгина қўлга олингандан тўрт кун ўтиб, 10 сентябрь куни прокурорнинг тақдимномаси бўйича Тошкент ҳокимининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Ариповдан жавобгарликка тортиш ва дахлсизликни бекор қилишга розилик олинган, дея маълум қилди адвокат.

«Мазкур шахснинг розилик беришга қонуний ҳуқуққа эгалиги баҳсли. Жумладан, Тошкент ҳокимининг биринчи ўринбосари депутатни жиноий жавобгарликка тортиш ҳуқуқига эга эмас, деб ҳисоблаймиз, чунки бу вақтда пойтахт ҳокими в. б. ўз вазифасини амалда бажараётган эди», — деди Тимур Раҳматуллаев. Ҳимоячи томон бундай розилик олиш тартиблари ҳам бузилган, деб ҳисоблайди.

«Адолатсиз сўроқлар»

Адвокат собиқ ҳоким в. б.ни қўлга олишда жиноят-процессуал қонунчиликдаги бошқа қоидабузарликларни ҳам санаб ўтди:

  • 221-моддага мувофиқ қўлга олишнинг ишончли асослари йўқ, ЖПК 223-моддасининг (қўлга олишда дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланувчи шахс) бузилиши;
  • қўлга олиш тартибларининг бузилиши, ЖПКнинг 224 ва 225-моддаларида кўзда тутилган қўлга олиш баённомасининг мавжуд эмаслиги;
  • ЖПКнинг 226-моддасида (ноқонуний равишда ҳибсда ушлаб туриш) кўзда тутилган қўлга олиш муддатларининг бузилиши;
  • ноқонуний сўроқ ва депутатдан тушунтириш олиш;
  • айблов учун керакли кўрсатмаларни олиш мақсадида руҳий босим ва алдов (ЖПК 95−1-модда);
  • асоссиз равишда хорижий валюта пул маблағларини олиш;
  • терговга қадар текширув доирасида мақоми номаълум бўлган шахсдан пул маблағларини олиш тартибларининг бузилиши;
  • терговга қадар текширув материалларини расмийлаштириш тартибларининг бузилиши;
  • қўлга олинган биринчи кунларда юридик ёрдамдан фойдаланишга имкон берилмаслиги, судланувчи амалда айбланувчи бўла туриб адвокатнинг ҳуқуқий ёрдамидан тўлиқ чеклангани.

«Мазкур ҳолатлар ноқонуний йўл билан олинган далилларнинг асоссиз эканидан далолат беради ва дастлабки тергов доирасида ҳамда айни вақтда суднинг биринчи инстанциясида номақбул деб тан олиниши лозим», — деди адвокат.

Бахтиёр Абдусаматов, Шоҳруҳ Маликов ва Ўлмас Муҳамедсаидов.

Тимур Раҳматуллаев таъкидлашича, агарда дастлабки тергов ва тергов органлари кўрсатилган шахслардан олинган аризаларни қонуний деб топадиган бўлса, уларнинг олиниши, регистрация қилиниши, аризаларнинг ДХХ раҳбарияти томонидан тезкорлик билан кўриб чиқилиши ва келиб тушган аризаларда кўрсатиб ўтилган далилларни ўрганиш учун ижрочиларни аниқлаш, қарор қанчалик тезкорлик билан қабул қилингани ва тадбирлар белгилангани юзасидан асосланган саволлар вужудга келади.

«Маълумки, аризани ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборишда мурожаат қилувчи фуқаронинг муаммоси бир кун ичида ҳал этилмайди. Бир куннинг ўзида бир неча шахс томонидан бир неча аризанинг бир вақтда топширилиши бўйича саволлар туғилади. Бу Бахтиёр Абдусаматовга нисбатан аризалар базаси сунъий равишда ҳосил қилингани ва ушбу аризаларни топшириш кўнгилли равишда бўлмаганини исботлайди», — деб ҳисоблайди адвокат.

Ҳимоячи ушбу вазиятларда жиноят-процессуал қонунчиликдаги қуйидаги қонунбузарликларни санаб ўтди:

  • У. Тўраев, Г. Чўлиев, Ш. Алимуҳамедов ва бошқа шахсларнинг асоссиз чақирилиши;
  • уларнинг қонунга хилоф равишда сўроқ қилиниши;
  • айблов учун зарур кўрсатмаларни олиш мақсадида босим ва ёлғон қўлланилиши;
  • ноқонуний равишда ҳибсда сақлаш;
  • ариза материалларининг ноқонуний йиғилиши ва тушунтиришлар олиниши.

«Асоссиз жиноятлар»

Айбловчи томон Бахтиёр Абдусаматовга И. Алимовдан 35 минг доллар (142,4 млн сўм) пора олиш факти бўйича ЖКнинг 210-моддаси 3-қисм «а» банди (жуда йирик миқдорда пора олиш) билан айблов эълон қилган. Шунингдек, унга И. Алимовга 15 минг доллар (63,1 млн сўм) ва 30 млн сўм миқдорида зарар етказганлик факти билан ЖКнинг 205- модда 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айблов илгари сурилган.

И. Алимов ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 2018 йил 17 октябрда мурожаат қилади. 11 март куни бўлиб ўтган суд мажлисида гувоҳ ўз аризасида кўрсатиб ўтган хулосани тасдиқламаслигини тан олди. У Бахтиёр Абдусаматовга нисбатан ариза ёзмоқчи бўлмаганини таъкидлаб, «муайян босим остида» бўлганини маълум қилди. Бу, адвокатнинг қайд этишича, ариза кўнгилли равишда топширилмаганидан далолат беради.

Алимовнинг сўзларига кўра, Юнусобод тумани ҳокимиятига ўтказилган ва Бахтиёр Абдусаматовга шахсан берилган барча пул маблағлари хайрия хусусиятига эга бўлиб, ҳомийлик мақсадларида бўлган, бироқ унинг ўрнига ҳеч қандай ер участкаси бўйича қарор қабул қилинмаган. Шу билан бирга, у ҳокимият ҳам унга ер участкаларини ажратишда ёрдам кўрсатганини айтиб ўтди. Алимов кўнгилли равишда кам таъминланганлар учун уйлар қурилишига ўз ҳиссасини қўшган.

Адвокатнинг сўзларига кўра, гувоҳнинг Юнусобод ҳокимияти ва шахсан судланувчига нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқ. У унинг компанияси ва ўзига моддий ёки бошқа зарар етказилмаган деб ҳисоблайди. Алимов ҳозирда ҳокимият унга ер участкасини ажратиш масаласини кўриб чиқаётганини таъкидлади. ушбу муносабатни ҳам давлат-хусусий шерикчилик сифатида кўриш мумкин.

Шундай қилиб, Алимов аризаси ва сўроқлардаги кейинги кўрсатмаларини далилий ашё сифатида номақбул деб тан олиш лозим, деди ҳимоячи.

Бахтиёр Абдусаматов олинган 35 минг долларни у кам таъминланганлар учун қурилаётган уйлар учун бетон плиталарини сотиб олиш ва етказиб бериш вазифаси юклатилган Б. Убайдуллаевга берганини маълум қилди.

Ушбу уйнинг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан қуриш факти Б. Убайдуллаев томонидан ҳам тасдиқланган бўлиб, уйнинг фототасвирлари, шунингдек Тошкент ҳокимининг 10 сентябрдаги №1326 сонли «Тошкентда кўп қаватли турар жой бинолари қурилиши учун ер участкаларини ажратиш тўғрисида"ги қарори мавжуд, деди ҳимоячи.

Ҳоким қарорининг 2-бандида юридик ва жисмоний шахсларда ҳомийлик сифатида уй қурилишига қизиқишни уйғотиш ҳақида сўз боради.

Қўшимча равишда 1 апрель куни суд тергови доирасида чақирилган ва сўроқ қилинган «Контакт-информ» (пудратчи ташкилот) вакиллари ҳисобланган гувоҳлар Артур Даниелиян (прораб) ва Бўрихон Абдусаматов (ҳуқуқшунос) ҳам Юнусобод тумани ҳудудида кам таъминланганлар учун уйлар қурилаётганини тасдиқлади. Улар жадвалда кўрсатилган бетон плиталар пудратчи ташкилот эмас, балки ҳокимият ҳисобидан сотиб олинганини тасдиқлади. Бундан ташқари, гувоҳлар уй Тошкент ҳокимининг юқорида келтирилган қарорига мувофиқ, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан барпо этилаётганини тасдиқлади.

Артур Данелиян уйни қуришда дастлабки ҳисоб-китобларда 396 та бетон плитаси келтирилгани, сўнгра улар «Ферробетон» компаниясидан И.Алимовдан олинган пул маблағлари ҳисобидан сотиб олинганини маълум қилди.

«Бахтиёр Абдусаматов айтиб ўтилган пулларни шахсий мақсадларда олмаган ва ўзлаштирмаган», — деди ҳимоячи.

Туман ҳудудини ободонлаштиришга сарфланган 15 минг доллар ва кам таъминланганлар учун қандолат маҳсулотларига харжланган 30 млн сўмга келсак, И. Алимов фақатгина хайрия мақсадида ажратган ва унга зарар етказилган деб ҳисобламайди. Тергов органлари мазкур рақамларни гувоҳнинг оғзидан эшитган ва текширув ўтказмаган, деди Тимур Раҳматуллаев.

Ҳимоячи мазкур ҳолат бўйича айблов асоссиз деб, суддан Бахтиёр Абдусаматовнинг ҳаракатларида ЖКнинг 205 ва 210-моддаларида кўзда тутилган жиноятлар таркиби йўқлиги боис айбловдан чиқаришни сўради.

Адвокат «босим остида ариза ёзган ва уларни ёзишни истамаган» тадбиркорлар иштирокидаги шунга ўхшаш еттита ҳолатни санаб ўтди.

«Умуман олганда, Бахтиёр Абдусаматовнинг ҳаракатларида жамият учун хавфли ҳолатлар бўлмаган, у жамият ва тадбиркорлар манфаатлари учун ҳаракат қилган. Ҳеч бир тадбиркор унга зарар етказилганини кўрсатмаган, мол-мулк ва бошқа эътирозлари йўқ. Суд тергови доирасида бирорта ҳам юридик ёки жисмоний шахс унга Бахтиёр Абдусаматов зарар етказганини кўрсатмаган. Бахтиёр Абдусаматов фақатгина давлат ва жамият олдидаги вазифаларини бажариш мақсадида ҳаракат қилган», — деди Тимур Раҳматуллаев.

Тадбиркорлар туман учун зарур бўлган иш ва хизматларга бевосита ўзлари тўловларни амалга оширган. Ҳар икки томондан туман ҳудудидан ер ажратилиши ўрнига Юнусобод туманини ривожлантириш учун ҳомийлик ёрдамини кўрсатиш таклифи илгари сурилган.

Тадбиркорлар ҳокимият таклифи бўйича ҳеч қандай мукофотни тилга олмаган, мактаблар, болалар боғчалари, участка инспекторлари квартиралари, болалар майдончаларини реставрация қилиш ва таъмирлаш, тумандаги бошқа инфратузилма объектларини қуриш, кўчаларни асфальт қилиш, расмий тадбирларни ўтказиш бўйича харажатларга кўнгилли тартибда пул тўлашган, деди адвокат.

Бахтиёр Абдусаматов тадбиркорларнинг пулларини шахсий мақсадларда ўзлаштирмаганини маълум қилди. Бюджет маблағлари йўқлиги сабабли ҳомийлик маблағлари жалб этилган, булар аслида давлат-хусусий шерикчилиги бўлган, деди ҳимоячи.

Туманни ободонлартириш ишлари ҳомийлар томонидан ўтказилгани Юнусобод тумани ҳокими Раҳмонбек Усмонов томонидан тасдиқланди. Жиноят ишиги бириктирилган хатга илова қилинган жадвалда кўрсатилган маблағлар бюджетдан ажратилмаган, дея таъкидлади адвокат.

Олинган ҳужжатлар ва маълумотнома материалларига кўра, 2017 йил 10 февралдан 25 июнга қадар Юнусобод тумани бюджети миқдори 1 млрд 350 млн сўмни ташкил этган.

Бахтиёр Абдусаматов Юнусобод туман ҳокими в. б. сифатида фаолият кўрсатган даврдаги ҳомийлик маблағлари эса 2 млрд 158 млн 500 минг сўмни ташкил этган.

2017−2018 йиллар давомида давлат ва бизнес ўртасидаги ушбу ўзаро алоқаларнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари мавжуд бўлмаган. Бироқ Тошкент ҳокимининг 2018 йил 10 сентябрдаги №1326 сонли қарорида давлат бюджети маблағлари ка таъминланганлар учун турар жойларни қуришга йўналтирилмаганини тасдиқлайди.

Юқорида қайд этилганидек, қарорнинг 2-бандида уйларни қуришга қизиқиш билдирган юридик ва жисмоний шахсларни ҳомийлар сифатида жалб қилиш кўрсатилган бўлса, 4-бандида ҳомийларга ер участкаларини ажратиш тўғрисида сўз боради.

2018 йилнинг августида «Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинган бўлиб, Тошкент ҳокими қарорида у ўз аксини топган.

Шундан сўнг 2018 йил 20 октябрь куни президентнинг «Давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва институционал базасини яратиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

2018 йил 13 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатда агентлик тўғрисидаги низом тасдиқланиб, унинг мақсад ва вазифалари белгилаб берилди. Бироқ агентлик ҳозирча юридик ва жисмоний шахслардан пул маблағларини жалб қилиш бўйича аниқ ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни давом эттирмоқда, деди адвокат.

Бахтиёр Абдусаматов ҳам Юнусобод тумани ҳокими в. б. сифатида тадбиркорлар билан амалда ДХШ хусусиятига эга бўлган ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича чораларни амалга оширган, дея қайд этди ҳимоячи томон.

Унинг сўзларига кўра, жиноят иши манипуляцион тарифлаш ҳамда алоҳида шахслар ва иш иштирокчиларига босим ўтказиш йўли билан шакллантирилган. Тергов фақатгина тадбиркорларнинг пул маблағларини ҳокимга бериш вақтидагина муҳим бўлган. Бироқ айблов учун фойдасиз эканини тушунган ҳолда маблағлар қандай мақсадларга йўналтирилганини аниқлаш бўйича чуқур ўрганишлар олиб борилмаган, деб ҳисоблайди адвокат. Жиноят иши материалларида Бахтиёр Абдусаматов пул маблағларини шахсий манфаатлари йўлида олганини исботловчи далиллар мавжуд эмас, деди у.

400 минг доллар қаердан пайдо бўлди

Ҳимоя томонида Бахтиёр Абдусаматовдан 2018 йил 10 сентябрда олинган 400 минг доллар миқдоридаги пул маблағларининг қабул қилиб олиниши тўғрисидаги баённома юзасидан ҳам бир қатор саволлар пайдо бўлди.

Ушбу маблағлар қайси кўрсатмалардан келиб чиқиб олингани ҳақидаги саволга ҳозирги вақтга қадар мантиқий жавоб олинмади. Бу ҳам жиноят ишининг ноқонуний қўзғатилгани ва ушбу маблағлар қонунга хилоф равишда олиб қўйилганини тасдиқлайди, деди адвокат.

«Оддий математик ҳисоб-китоблар пулларнинг асоссиз олиб қўйилганидан далолат беради. Юридик тил билан айтганда, олиб қўйилган пул маблағлари ва хатланган мол-мулклар илгари сурилган айбловдаги маблағлар билан мос тушмайди», — деди ҳимоячи.

Адвокат 400 минг долларни Бахтиёр Абдусаматов оиласига қайтариш зарур деб ҳисоблайди.

Хатланган автомобиллар

Ҳимоячининг фикрича, хатланган автомобилларнинг жиноят ишига ҳеч қандай алоқаси йўқ ва улар қонуний эгаларига қайтарилиши лозим. Жиноят иши материалларида машиналар пора сифатида берилганини тасдиқловчи ҳеч қандай кўрсатма ёки исбот йўқ, деди адвокат.

Ноқонуний ишдан бўшатиш

Бугунги кунга қадар Бахтиёр Абдусаматовга нисбатан вазифасидан озод қилиш бўйича процессуал чоралар қўлланилмаган. ЖПКнинг 255-моддасига кўра, вазифасидан четлатиш суд томонидан амалга оширилиши лозим. Тергов органлари Юнусобод тумани ҳокими в. б. лавозимидан четлатиш тўғрисида даъво қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилмаган, материаллар прокуратура органларига тақдим этилмаган, суднинг тегишли қарори қабул қилинмаган.

Ҳимоячи томон Бахтиёр Абдусаматовнинг Тошкент ҳокимининг 3 октябрдаги қарори билан ишдан бўшатилишини ноқонуний деб ҳисоблайди.

Жиноят таркибининг мавжуд эмаслиги

ЖКнинг 210-моддасига изоҳ берар экан, адвокат ушбу тақиқланган ҳаракат мол-мулк фойдаси олиш ва пора олувчининг шахсий манфаатларини қаноатлантиришни кўзда тутади. Пора предмети моддий қимматлик ёки таъмирлаш ишлари ва бошқа кўринишдаги хизматлар бўлиши мумкин, бироқ шахсий манфаатларини қаноатлаштиришда, ҳеч қандай давлат манфаатлари учун эмас, деди у.

Жиноят объекти бошқарув ва давлат манфаатлари учун ўрнатилган тартиб ҳисобланади, бироқ Бахтиёр Абдусаматов ҳаракатларида уларни бузмаган. Давлат механизмининг мураккаблиги шунда эдики, жорий этилган бошқарув тартибига кўра, амалда бюджет маблағлари тақчиллиги сабабли муайян вазифага эришиш учун ҳомийлар жалб қилинган, деди ҳимоячи.

Юнусобод тумани ҳокими в. б. бўлиб турган Бахтиёр Абдусаматов шахсий манфаатлари учун эмас, фақатгина давлат ва жамият олдидаги вазифаларни бажаришга ҳаракат қилган, деди Тимур Раҳматуллаев.

«Тегишлича, буни ижтимоий хавфли ҳаракат ва коррупцион ҳолат сифатида тан олмаслик керак. Жамият учун ҳомийлик маблағларини йўналтирган Бахтиёр Абдусаматовнинг ҳаракатларида жамият учун қандай хавфи бўлиши мумкин» — сўради адвокат.

«Профилактика инспекторларининг хизмат квартиралари, Юнусобод ТИИБ шаҳар милиция бўлими, болалар майдончаларини таъмирлаш, йўлларни асфальтлаш, кам таъминланганлар учун уйлар қуриш, турар жой бинолари фасадлари, ҳокимият биносини таъмирлаш, байрам тадбирларини ўтказиш ва бошқаларда давлат ва жамият манфаатлари мавжуд, бошқа шахсларнинг эмас», — деди у.

Бундан ташқари, Бахтиёр Абдусаматов ҳаракатларидан ҳеч кимга зарар етказилмагани суд тергови доирасида жараён иштирокчилари томонидан тасдиқланди. Бу эса ЖКнинг 205-моддасида кўзда тутилган жиноят таркиби йўқлигини кўрсатади ва у ушбу модда бўйича судланиши керак эмас.

Биринчи суд инстанцияси доирасида процессуал қонунбузарликлар мавжудлиги муносабати билан ЖПКнинг 95−1-моддасидан (далилларнинг мақбул эмаслиги) фойдаланиш зарур, деди ҳимоячи.

Адвокат Бахтиёр Абдусаматовни ЖКнинг 205 ва 210-моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор эмас деб топиш ва уни оқлашни сўради.

Навбатдаги суд мажлиси 6 майга белгиланди.

«Газета.uz» кейинги материалларда бошқа адвокатлар ва судланувчиларнинг чиқишларини ёритиб боради.