1 май куни Қозоғистоннинг бешта шаҳри: Нур-Султон, Олма Ота, Семей, Қарағанда ва Оқтўбеда рухсатсиз намойишлар бўлиб ўтди, дея хабар қилди мамлакат ИИВ матбуот хизмати.

Нур-Султонда одамлар Республика шоҳ кўчаси ва Кенесар кўчасига, Олма Отада — Горький боғига чиқди. Йиғилганлар адолатли ва халол сайлов ўтказишга чақирди, деб ёзмоқда Tengrinews.

«Акциялар иштирокчиларига ижтимоий ва бошқа муаммоли масалалар бўйича ўз фикрлари ва ижтимоий нуқтаи назарларини эркин ва очиқ ифода этиш имконияти тақдим этилди. Бироқ Нур-Султон ва Олма Ота шаҳарларида йиғилганлардан айримлари ўзлари тажовузкороно тутиб, тақиқланган „ДВК“ („Қозоғистон демократик сайлови“) экстремистик ташкилотининг шиорларини айтишни бошлади, жамоат тартибини бузди», — дейилади ИИВ хабарида.

Нур-Султон ва Олма Отада полиция талабларига бўйсунмаган 80 фуқаро қўлга олинди. «Уларнинг ҳаракатларига қонунда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади ИИВ.

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев 20 март куни ўз ваколатини тўхтатган эди. Бунга қадар Қозоғистон парламенти Сенати раиси сифатида фаолият кўрсатган Қосим-Жомарт Токаев унинг вазифасини бажаришга киришди. Апрелда муддатидан аввалги сайлов 9 июнда бўлиб ўтиши эълон қилинди. Қозоғистон «Нур отан» партияси сайловда ўз номзоди сифатида Қосим-Жомарт Токаевни илгари сурди. Президент лавозимига жами тўққиз номзд даъвогарлик қилмоқда.