Хива деҳқон бозорида валюта олди-сотдиси билан шуғулланиб келган фуқаро беш суткага қамалди. Бу ҳақда Хоразм вилоят маъмурий суди «Газета.uz"га хабар берди.

1975 йилда Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида туғилган Ўктам (исми ўзгартирилган) исмли фуқаро валютанинг ноқонуний олди-сотдиси билан шуғулланган.

Хусусан, Шокир исмли фуқаронинг аризасига асосан ўтказилган тадбирда, Ўктамнинг Хива шаҳридаги Хива деҳқон бозори ҳудудида Шокирдан 200 АҚШ долларини ноқонуний равишда олиб, унга 1 670 000 сўм пулларни бераётган вақтида ушланган.

Ўктамга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 170-моддаси билан тўпланган материаллар Хива шаҳар маъмурий судида кўриб чиқилиб, ашёвий далил тариқасида олинган пуллар давлат эгалигига ўтказилиб, Ўктамга нисбатан беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Хива шаҳар маъмурий суди раиси Т. Юсупов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 170-моддаси (Валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) санкцияси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 15 январдаги ЎРҚ-516-сонли Қонуни билан киритилган ўзгартиришга асосан оғирлаштирилиб, эндиликда валюта бойликларини мусодара қилиб, ўн беш суткага маъмурий қамоққа олишга ёки маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлишини таъкидлаб ўтди.