2019 йил 16 апрель куни Озодликдан маҳрум этилган шахслар учун умумий таълим ва касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Бугунги кунда, жазони ижро этиш муассасаларида 6 та идоравий умумтаълим мактаблари ва мактабларнинг филиаллари фаолият юритмоқда.

Қарорга мувофиқ, Тошкент вилояти ИИБ Пробация ва жазоларни ижро этиш бўлими Тарбия колониясининг 5-мактаби Зангиота тумани 35-мактаби билан бирлаштирилди. Ҳамда Пробация ва жазоларни ижро этиш бўлими Тарбия колониясида мазкур мактабнинг филиали ташкил этилди.

Шунингдек, Касб-ҳунар таълими марказининг жазони ижро этиш муассасалари ҳудудидаги 4 та касб-ҳунар таълими муассасалари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилиб касб-ҳунарга ўргатиш марказларига айлантирилди.

Марказлар маҳкумларга сифатли билим беради ва меҳнат бозорида талаб этиладиган касбларга тайёрлайди.

2019/2021 ўқув йилидан маҳкумларни ўқитиш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация ва инновацион технологиялар жорий этилади ҳамда бу бўйича ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилади.