Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилда 11 апрелги қарори билан ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини (ДСП) ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Ҳужжат ДСП ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, соҳага илғор технологиялар ва инновацион ишланмаларни жорий этиш, маҳаллий хом ашёдан кенг фойдаланган ҳолда чуқур қайта ишлашни ташкил этиш мақсадида қабул қилинди. Шу муносабат билан қуйидагилар назарда тутилган:

биринчидан, қамиш хом ашёси мавжуд бўлган ҳудудларнинг манзилли рўйхати тасдиқланди. Ушбу ҳудудларнинг кичик саноат зоналарида ДСП ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил қилинади;

иккинчидан, атроф-муҳитга, ҳайвонот оламига, кўчиб юрувчи қушларга зарар етказмайдиган тарздаги саноат усулида қамишларни ўриб олиш мумкин бўлган қамишзорлар майдонларининг ҳудудлар кесимидаги реестри шакллантирилади. Мазкур реестр асосида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун маҳаллий ва хорижий инвесторлар жалб этилади;

учинчидан, 2022 йил 1 январга қадар ДСП ишлаб чиқарувчи корхоналар шакллантириладиган рўйхатлар бўйича республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, асбоб-ускуналар, уларнинг бутловчи ҳамда эҳтиёт қисмларини олиб кирганлик учун божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) озод этилади;

тўртинчидан, вилоятлар ҳокимликларига терак, павловния ва бошқа турдаги тез ўсувчи ёғочбоп дарахтларни плантация усулида етиштириш учун балл бонитети паст бўлган ерларни тадбиркорларга ажратиш вазифаси топширилди. Бунда плантацияларни ташкил этганлар 2022 йил 1 январга қадар бундай дарахтлар экилган ер майдонлари қисмига ер солиғи тўлашдан озод этилади;

бешинчидан, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб ёғоч-пайраҳа плиталар ва ёғочдан ясалган шунга ўхшаш плиталар ёки қатрон ёки бошқа органик боғловчи моддалар шимдирилган ёки шимдирилмаган бошқа ёғочсимон материалларни олиб кирувчи юридик шахсларни импорт божхона божи ва ҚҚСдан озод этувчи имтиёз бекор қилинади.