22−28 апрель кунлари Ўзбекистонда велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Осиё чемпионати ва Осиё велоспорт конфедерациясининг (АСС) навбатдаги конгресси ташкил этилади. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу мусобақада ўсмирлар, катталар ва паралимпиячилар ўртасида ғолиблар аниқланади. Унда Хитой, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Вьетнам, Гонконг, Малайзия, Филиппин, Таиланд, Мўғулистон, БАА, Иордания, Эрон, Саудия Арабистони, Яман ва Ливан каби 36 мамлакатдан 500 нафардан ортиқ велопойгачилар иштирок этади.

Шунингдек, Осиё чемпионатида эркаклар ва аёллар 2020 йилда Токиода бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун ҳам ўзаро рақобатлашади.

Мусобақа доирасида жорий йил 26 апрель куни Тошкент шаҳридаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Осиё велосипед спорти конфедерациясининг навбатдаги конгресси ҳам ўтказилади.

Осиё чемпионатига Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) раиси Давид Лапартьен ва Осиё велоспорт конфедерацияси (АСС) раиси Осама Аҳмад Шафар раҳбарлигидаги нуфузли делегацияларнинг ташрифи кутилмоқда.

Мазкур нуфузли мусобақани жаҳон стандартига мос равишда юқори савияда ташкил этиш, техник ва амалий ёрдам кўрсатишда Германиянинг «Inflame Sports GbR» фирмаси билан яқиндан ҳамкорлик қилинади.

Пойгалар дастлаб тўрт кун давомида Ғазалкент шаҳри ҳудудида кечади, сўнгги икки кун Тошкент шаҳридаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонаси ёнидан старт олади. Марра чизиғи Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Билдирсой» дам олиш оромгоҳи яқинида ва Сижжак қишлоғи ҳудудида белгиланади.