Тошкентда Марказий Осиё ва Кавказнинг 10 мамлакатидан келган олтмишдан ортиқ вакиллар биргаликда гендер тенглигини таъминлаш жараёнини тезлаштириш масалаларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорликда ўтказаётган семинарда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш ва гендер тенглигини таъминлаш хусусида алоҳида тўхталди.

— Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини кафолатловчи мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган ва унга инсон ҳуқуқининг алоҳида ажралмас қисми сифатида қаралмоқда, — дейди Танзила Норбоева. — Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида: «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар» дея эътироф этилиши мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этишининг ҳуқуқий кафолати белгиланганидан далолат беради. Шунингдек, халқаро ҳужжатларга, жумладан, 1995 йили «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида» ги конвенцияга қўшилишимиз ҳам бу масалага жиддий эътибор берилаётганини кўрсатади. БМТнинг хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиясининг мақсадли тавсиясига кўра, миллий даражада қарорлар қабул қилиш жараёнида аёллар иштироки 30 фоиздан кам бўлмаслиги белгиланган. Бошқарувнинг ўрта ва юқори поғоналарида раҳбарлик лавозимларида аёллар сонини кўпайтириш мақсадида «Сайловлар тўғрисида» ги қонунга кўра депутатликка номзодларни кўрсатишда аёллар учун 30 фоиз квота берилган эди. Жорий йилда президент ташаббуси билан бу рақам янада оширилди. Ҳозиргина биз Марказий сайлов комиссияси билан меморандум туздик. Унга кўра, келгусида ўтказиладиган сайловларда номзодларнинг 50 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлади. Шу муносабат билан ўзининг салоҳияти, билимдонлиги ва малакаси билан ажралиб турувчи, лаёқатли хотин-қизларнинг олти минг нафари раҳбарликка тайёрланмоқда.

Бироқ, бу Ўзбекистонда гендер муаммоси тўлиқ ҳал этилди дегани эмас. Қурилиш, ахборот технологиялари каби соҳаларга ҳам хотин-қизларни кириб келаётгани боис бу йўналишдаги раҳбарларнинг малакасини ошириш кун талабига айланмоқда.

Айни вақтда Ўзбекистонда гендер тенгликни янада ривожлантиришга хизмат қилувчи қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Келгуси ҳафтада уни халқ муҳокамасига қўйиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда биринчи гендер комиссияси тузилди. Сенат раиси мазкур комиссиянинг бевосита раҳбари ҳисобланади. Гендер экспертизаси, гендер статистикаси кабиларни олиб боришни ҳам оммалаштириш чоралари кўрилмоқда, — деди Танзила Норбоева.