Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари республикадан нақд хорижий валюталарни ноқонуний равишда олиб чиқишга доир навбатдаги божхона қоидабузарлик ҳолатини аниқлашди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«Ғишткўприк» чегара божхона пости орқали пиёда ҳаракатланаётган фуқаро П.А. божхоначилар эътиборини тортди ва белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.

Натижада, унинг эгнидаги кийимида декларацияланмаган ва оғзаки сўров пайтида божхона ходимларига маълум қилинмаган 8550 АҚШ доллари борлиги аниқланди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдорда нақд хорижий валютани йўловчи божхона декларациясида кўрсатган ҳолда эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

Чет эл фуқаролари эса Ўзбекистонга кириш чоғида олиб кирган миқдордаги нақд хорижий валютани эркин олиб чиқиб кетишлари мумкин.

Белгиланган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетиш учун Марказий банкнинг ҳудудий бошқармалари томонидан бериладиган рухсатномалар талаб этилади.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.