1 июлдан дори воситаларини давлат томонидан харид қилишда маҳаллий компаниялар устунликка эга бўлади. Ўзбекистон президентининг «2019 — 2021 йилларда Республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда бу ҳақда сўз боради.

Янги тартиблар синов тариқасида жорий этилади. Дори препаратлари ва тиббиёт буюмларини давлат томонидан харид қилишни амалга оширишда икки ва ундан ортиқ иштирокчилар — аналогик маҳсулотни (халқаро патентланмаган номи бўйича) миллий ишлаб чиқарувчилари мавжуд бўлган тақдирда давлат буюртмачиси импорт дори препаратлари ва тиббиёт буюмларини етказиб бериш таклифи мавжуд барча буюртмаларни рад этади. Синов 2020 йил 31 декабргача давом этади.

Ҳужжатга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Oʻzmedimpeks ДУК Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасига ўтказилди. Агентлик дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва уларнинг улгуржи савдоси устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш билан шуғулланади.

1 июлдан бошлаб импорт дори воситалари (дори субстанциялари бундан мустасно) ва тиббиёт буюмларини «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштиришда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилади. Ушбу йиғимнинг 1 фоизи эса Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобига ўтказилади.

Фармонда қайд этилишича, ҳужжат фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш, хорижий инвестицияларни ҳамда етакчи хорижий компанияларни инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилиш, инновацион фармацевтика маҳсулотларини яратишни рағбатлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда дори воситалари импорти ҳажми 2016 йилдаги 873 млн доллардан 2018 йилда 764 млн долларга камайди.