Бир неча кун аввал Халқаро дзюдо федерацияси ўз тақвим режасига ўзгартириш киритгани ва унга мувофиқ «Катта дубулға» турнирлари орасига Бразилиа турнири ҳам қўшилди. Шу муносабат билан жаҳон чемпионатидан сўнг ўтадиган айрим мусобақалар тақвимида яна кичик ўзгаришлар рўй берди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Улар орасида Тошкентда бўлиб ўтадиган гран-прининг ҳам санаси ўзгарди. Халқаро ташкилотнинг йил бошида маълум қилган тақвимига кўра, мусобақа ноябрь ойида ўтиши белгиланган эди. Бироқ сўнгги янгиланган тақвимга кўра, Тошкент мезбонлигида кечадиган баҳслар 20−22 сентябрь кунларига ўзгартирилди.

Шу тариқа Тошкент гран-приси жаҳон чемпионатидан сўнг ўтадиган дастлабки йирик турнир сифатида белгиланмоқда. Унда келаси йил бўлиб ўтадиган Токио олимпиадасига рейтинг очколари ўйналади.

Эслатиб ўтамиз, гран-при мусобақасида шоҳсупага кўтарилган дзюдочилар ўринларига қараб мос равишда 700−490−350 рейтинг очколарига эга бўлишади.