ДХХ Андижон вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Хўжаобод тумани «Мундуз» МФЙ ҳудудида «Андижон-Қорасув» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Р.А. бошқарувидаги «Нексия-3» русумли автомобиль тўхтатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мазкур машина кўздан кечирилганда, унинг юкхонасига яшириб қўйилган 1 дона 30 литр ҳажмли елим идишда ва 2 дона целлофан пакетда жойланган жами 2 116 501 (икки миллион бир юз ўн олти минг беш юз бир) АҚШ доллари миқдоридаги хорижий валюта борлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳридан бериб юборилган ушбу пулларни Қорасув шаҳрида яшовчи Р.А. Шаҳрихон туманида кутиб олган. Мазкур катта миқдордаги хорижий валюта божхона назоратини четлаб ўтиб, қўшни Қирғизистон Республикасига чиқарилиши керак бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Андижон вилоят бошқармаси томонидан жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу ишга алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.