Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2019 йил 5 апрель куни республика ҳудудида ёққан ёмғир натижасида юзага келган вазият ҳақида маълумот берди.

Назоратдаги маълумот:

Самарқанд вилояти: 2019 йил 5 апрель куни соат 03:25дан 03:37га қадар вилоят ҳудудида кўп миқдорда ёмғир ёғиши натижасида, Самарқанд шаҳрида 3 та кўп қаватли уйларнинг (шундан 2 та уй ертўласи ва 1 та уй кириш йўлаги) ҳамда 41 та аҳоли турар-жойлари ҳовлиларига ёмғир сувлари кирган.

Юзага келган вазиятни бартараф этиш мақсадида Самарқанд шаҳар ФВДқТ хизматлари куч-воситалари томонидан махсус техника ва асбоб-анжомлар ёрдамида сув тўпланган жойлардан ёмғир сувларини насослар ёрдамида тортиб чиқариш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ҳокимлигида штаб иши ташкил этилиб, юзага келган ҳолатни бартараф этиш тадбирлари мувофиқлаштириб борилмоқда.

Навоий вилояти: 2019 йил 5 апрель куни соат 02:40дан 03:25га қадар вилоят ҳудудида кўп миқдорда ёмғир ёғиши сабабли қир-адирликларда тўпланган ёмғир сувларининг оқиб келиши натижасида Хатирчи туманидаги «Миёнкол», «Қорача», «Ўзбекистон» ва «Қўшчинор» маҳалалари ҳудудидан сел сувлари оқиб ўтган. Натижада «Миёнкол» МФЙда 9 та, «Ўзбекистон» МФЙда 6 та уйнинг томорқаларига сел сувлари кирган.

Юзага келган ҳолатни бартараф этиш мақсадида ҳудудий ФВДқТ хизматлари куч-воситаларини жалб қилиниб, коллектор қувурлари оғзига йиғилиб қолган, сел оқими натижасида оқиб келган шох-шаббалардан тозалаш ишлари ҳамда ёмғир сувлари кирган хонадонларнинг томорқаларидан сувларни чиқариб ташлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлигида штаб иши ташкил этилиб, ёмғир натижасида вилоят ҳудудида юзага келган вазиятга аниқликлар киритилмоқда.

Жиззах вилояти: 2019 йил 5 апрель куни соат 03:30дан 07:15га қадар вилоят ҳудудида сурункали ёмғир ёғиши натижасида, Ғаллаорол туманининг «Оқтош» қишлоғидаги 2 та ва «Нурлиқуёш» қишлоғидаги 1 та хонадонларнинг томорқасига ёмғир сувлари кирган.

Юзага келган ҳолатни бартараф этиш мақсадида туман ФВДқТ хизматлари куч-воситаларини жалб қилиниб, хонадон томорқаларига кирган ёмғир сувлари насослар ёрдамида тортиб чиқарилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимлигида штаб иши ташкил этилиб, юзага келган ҳолатни ўрганиш ва ишларни мувофиқлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Қашқадарё вилояти: 2019 йил 5 апрель куни соат 03:30дан 04:40га қадар вилоят ҳудудида ёмғир ёғиши сабабли қир-адирликларда тўпланган ёмғир сувларининг Кенгсой сойидан оқиб келиши натижасида Китоб тумани «Чиркай» қишлоғи «Макрид» МФЙ ҳудудидан сел сувлари оқиб ўтган. Натижада «Макрид» МФЙда 30 та уйларнинг томорқаларига сел сувлари кирган, шунингдек 3 та хўжаликнинг қўшимча бино ва ховли деворлари қисман зарар кўрган.

Юзага келган ҳолатни бартараф этиш мақсадида ҳудудий ФВДқТ хизматлари куч-воситалари жалб қилиниб, ёмғир сувлари кирган хонадонларнинг томорқаларидан сувларни чиқариб ташлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлигида штаб иши ташкил этилиб, ёмғир натижасида вилоят ҳудудида юзага келган вазиятга аниқликлар киритилмоқда.