Чирчиқдаги уйда содир бўлган ёнғинда тўрт киши, жумладан икки бола ҳалок бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати.

27 март куни 00:29 да Тошкент вилояти ЁНБ Куч ва воситаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига Чирчиқдаги Машар кўчасида жойлашган 17-уйда ёнғин чиққани тўғрисидаги хабар келиб тушади.

Ёнғинни бартараф этиш учун олтита ўт ўчириш машинаси юборилади. Экипаж ҳодиса жойига етиб борганда уй очиқ олов ичида қолган эди. 1:20 да олов йўли тўсилиб, 1:58 да тўлиқ ўчирилади. Ёнғин натижасида томнинг қурилиш конструкцияси ва 200 кв м майдондаги мол-мулкларга зарар етди (100 кв. м майдон сақлаб қолинди).

Уйда истиқомат қилган саккиз кишилик оиланинг тўрт аъзоси: 33 ёшли эркак киши, унинг турмуш ўртоғи ҳамда 8 ва 12 ёшдаги қизлари вафот этди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, ёнғин сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқлаштирилмоқда.