Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги Туябўғиз сув омборида янги гидроэлектр станцияси (ГЭС) фойдаланишга топширилди, дея хабар қилди «Халқ сўзи». ГЭС қурилиши 2017 йилда бошланган бўлиб, лойиҳани «Гидропроект» компанияси амалга оширди.

«ГЭС лойиҳавий қиймати 15,8 миллион долларга тенг бўлиб, шундан 8,1 миллион доллари ХХР «Эксимбанк"и томонидан молиялаштирилди, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган энергетик Акром Иргашев. — Туябўғиз сув омбори қошидаги ушбу кичик ГЭС ўн тўрт ой ичида қуриб битказилди. Илгари бундай иншоот барпо этиш учун камида уч йил вақт сарфланар эди».

Мутахассисларнинг айтишича, ГЭСнинг умумий қуввати 11,4 МВтга тенг. Бу йилига ўртача 41,2 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 1 минг 600 та хонадоннинг электр токига бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланади, деганидир.

2017−2021 йилларда Ўзбекистонда гидроэнергетикани ривожлантириш дастури бу давр ичида 42 янги ГЭС қуриш ва 32 та мавжуд ГЭСни модернизация қилишни кўзда тутади. Нашр маълумотларига кўра, ҳозирда Катта Фарғона канали ва Тўпаланг дарёсида кичик гидроэлектр станциялар каскади, Оҳангарон дарёсида эса кичик «Қамчиқ» станциясини қуриш ишлари давом эттирилмоқда.