Махсус прокурор Роберт Мюллер Дональд Трамп ва унинг ходимлари 2016 йилги сайловолди кампанияси вақтида Россия билан тил бириктирганини исботловчи далилларни топа олмади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Роберт Мюллер Россия икки усул — «Интернет тадқиқотлари агентлиги» фаолияти ва хакерлик ҳужумлари, жумладан Демократик партия серверларини бузиш орқали АҚШ президентлигига сайловларга таъсир кўрсатишга уринганини аниқлади.

Махсус прокурор баёнотида қайд этилишича, Трамп ва унинг сайлов штаби ходимларининг жиноятни содир этганлигини исботловчи далиллар мавжуд эмас. Бироқ Мюллер президент ва унинг сайлов штабини оқламади, жумладан махсус прокурор Дональд Трамп тергов ишига халал беришга уриндими, деган саволга жавоб беришга қийналди.

Роберт Мюллернинг тергови 2017 йилда бошланган эди. Иш доирасида Дональд Трамп штабининг содиқ раҳбари Пол Манафорт молиявий қонунбузарлик ва рўйхатдан ўтмаган ҳолда лоббичилик билан шуғуллангани учун жазога тортилган эди.