Тошкент шаҳридаги тантанали тадбир 21 март куни «Humo Arena» мажмуасида бўлиб ўтди. Тантана иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олди. Давлат раҳбари барчани Наврўз байрами билан табриклади.Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

— Мана шундай файзли, шодиёна айёмда барча шаҳар ва туманларда, қишлоқ ва овулларда Наврўз сайлини ўтказаётган барча-барча юртдошларимизга юксак ҳурматим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин! Шарқона Янги йилимиз — Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин, — деди давлатимиз раҳбари.

Байрам шўх-шодон қўшиқлар, рақслар билан давом этди. Саҳнада Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудуди анъаналари, ўзига хос санъати, халқ ўйинлари ифодаланди. Фольклор-этнографик жамоалар деҳқончиликка барака тилаб, Наврўз, табиат, меҳр-оқибат ҳақида қўшиқлар айтди. Эстрада хонандаларининг чиқишлари, болакайларнинг ўйин-кулгулари барчага завқ-шавқ улашди.

Саҳна ортидаги йирик мониторларда Ўзбекистон табиати, халқимизнинг фаровон ҳаёти, кейинги йиллардаги бунёдкорлик ишлари намойиш этилди.

Байрам тадбирида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, парламент ва ҳукумат аъзолари, турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган кишилар, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Наврўз сайиллари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, туман, қишлоқ ва овулларда давом этмоқда.