The Economist Intelligence Unit тадқиқот маркази яшаш энг қиммат бўлган шаҳарлар рейтингини эълон қилди. Рўйхатдан 133 та шаҳар ўрин олди.

EIU экспертлари рейтинг тузишда 160 турдаги маҳсулот ва хизматларнинг 400 та нархини таққослаб, шундан сўнгра ҳаёт даражаси индексини ҳисоблаб чиқади. Бунда Нью-Йоркда яшаш нархлари асос қилиб олинди.

Бирваракайига уч шаҳар — Сингапур (Сингапур), Париж (Франция) ва Гонконг (Китай) — рейтингда биринчи ўринни банд қилди. Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари ўнлигидан Цюрих, Женева (Швейцария), Осака (Япония), Сеул (Жанубий Корея), Копенгаген (Дания), Нью-Йорк (АҚШ), Тель-Авив (Исроил) ва Лос-Анжелес (АҚШ) жой олди. Бу рўйхатдаги икки шаҳар ўнинчи ўринни бўлиб олди.

Тошкент 131-ўринни эгаллаган ҳолда дунёнинг энг арзон уч шаҳридан бири бўлди. Каракас (Венесуэла) ва Дамашқ (Сурия) 133 ва 132-ўринларни эгаллади. Энг арзон шаҳарлар ўнлигидан Олма Ота (Қозоғистон), Бангалор (Ҳиндистон), Карачи (Покистон), Лагос (Нигерия), Буэнос-Айрес (Аргентина), Ченнаи ва Нью-Дели (Ҳиндистон) ўрин олди.