Туркиянинг Конья шаҳридаги Селчук университети (Selçuk Üniversitesi)да 2019 йил 15−16 март кунлари «Икки қардош давлат: Туркия-Ўзбекистон ва уларнинг келгуси муносабатида менинг ўрним» мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистон Ёшлари Умумжаҳон ассоциацияси Туркия вакиллиги ташаббуси ва Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси, Хорижий турклар ва қардош халқлар давлат бошқармаси, Селчук университети, Селчук туман ҳокимияти ва бошқа ташкилотлар кўмагида ташкил қилинган тадбирга Туркиянинг турли университетларида илмий тадқиқот олиб бораётган докторантлар жалб қилинди.

Туркиянинг турли университетларида илмий тадқиқот олиб бораётган ўзбекистонлик докторантлар ўз тадқиқоти юзасидан маъруза қилди.

Маърузалар муҳокамасидан сўнг «Келажакка оид лойиҳалар» мавзуида йиғилиш бўлиб ўтди. Ёшлар икки давлат муносабатларини ривожлантириш борасидаги лойиҳалари, режалари ва фикрлари билан ўртоқлашди. Муваффақиятли деб топилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ режалар тузилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, ҳозирги кунда Туркия Республикаси университетларида 1000 нафарга яқин ўзбекистонлик талабалар турли йўналишларда таҳсил олмоқда. Докторантура йўналишида тадқиқот олиб бораётганлар сони эса 40 дан ошади.

Ўзбекистонлик докторантларнинг кейинги конференцияси жорий йилнинг куз ойида Туркиянинг Измир шаҳрида ўтказилиши белгиланди.