18 март куни Сурхондарё вилоятида кучли қум бўрони кузатилди. Унинг бошланиши Термиз метеостанциясида 14:55 да қайд этилди, дея хабар қилди Ўзбекистон ФВВ ҳузуридаги Гидрометеология хизмати «Газета.uz"га.

"Қум бўрони маҳаллий аҳамият касб этди. Биз чанг бўронларини прогноз қила олмаймиз, бироқ шамол тезлиги 18−20 м/с га қадар кучайиши тўғрисидаги маълумот эълон қилинган эди. Бу маҳаллий қум бўронларини юзага келтириши мумкин бўлган шиддатли шамол ҳисобланади", — дея хабар қилди Ўзгидромет.

Об-ҳаво маълумотларида душанба куни мамлакатнинг катта ҳудудида жанубдан кучли иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилаётгани қайд этилган эди. Шимолий ҳудудларга эса Каспий денгизининг жанубий ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массаларининг кириб келиши бошланган.

Daryo хабарига кўра, қум бўронлари Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳам кузатилган.

Ўтган йилнинг май ойида Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида чанг-тузли бўронлар кузатилган, шамол тезлиги 25−27 м/с га етган эди. Узоқ давом этган қуруқ об-ҳаводан сўнг кучли шамол кўп миқдордаги чанг ва Орол денгизининг қуриган тубидан тузларни ҳавога кўтарган эди.

Видео