16 март куни инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошчилигида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан ишлаш бўйича идоралараро комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.

Йиғилишда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокаралар жараёнларини ўтказишнинг ташкилий ва юридик масалалари ишлаб чиқилди.

Комиссия аъзоларининг фикр-мулоҳазалари ва изоҳларини ҳисобга олган ҳолда ташқи савдо режими тўғрисидаги меморандум лойиҳаси кўриб чиқилди ва тасдиқланди. Меморандум мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига аризани кўриб чиқишга асос бўлиб хизмат қилади.

ЖСТга аъзо бўлиш оқибатларини баҳолаш, божхона масалалари, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва экспорт субсидиялари тўғрисидаги маълумотларни тайёрлаш, сиёсатда савдо хизматларига тааллуқли чораларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлари фаолияти юзасидан тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилди.

Бундан ташқари, санитар ва фитосанитар чораларни қўллаш бўйича келишув доирасида тариф имтиёзлари, савдода техник тўсиқларни қўллаш бўйича келишув ва ЖСТ билан интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдога оид жиҳатлари бўйича келишув юзасидан таклифлар тайёрланади.

Аъзо бўлиш жараёни бўйича ишларни фаоллаштириш учун юридик ва ташкилий жараёнларда иштирок этувчи идоралар ходимлари учун чет эллик экспертларни жалб қилган ҳолда семинарлар ташкил этилади.