Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. Бу =аыда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат билан «Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси» кўкрак нишони таъсис этилиши мумкин.

«Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси» кўкрак нишони тўғрисидаги низомга кўра, кўкрак нишони билан жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимлари аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўрсатган хизматлари учун тақдирланадилар.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифлар ҳар йили 1 октябрга қадар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига тақдим этилади.

Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлар ўз ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 октябрга қадар тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича Комиссия ташкил этилади.

Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 20 ноябрга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг адлия вазири ўз ташаббуси билан ҳам давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаши мумкин.

Комиссия хулосаси асосида адлия вазирининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 1 декабрга қадар чиқарилади.

Кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси ҳар йили 8 декабрь — Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси куни байрами арафасида адлия вазири (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.

Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти олади.