БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) нинг янги минтақавий лойиҳаси 13 март куни Тошкентда «Озарбайжон, Тожикистон ва Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқишда кўмаклашиш» лойиҳасини тақдим этди. Ўзбекистонда лойиҳа ФАО ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабарига кўра, ФАО Техник ҳамкорлик дастурининг янги лойиҳаси ҳукуматнинг айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ривожлантириш бўйича миллий стратегияни тайёрлашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

«Ушбу лойиҳа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини экспорт қилиш бўйича миллий стратегияни шакллантиришга тизимли ёрдам беради, шунингдек, республикамиз қишлоқ хўжалиги сиёсати соҳасидаги мақсадлардан бирига эришиш учун бирламчи ҳисса қўшади, деб умид қиламиз», — деди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев.

Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги экспортини кенгайтириш учун ечимини топадиган асосий масалалар — транспорт, логистика, сақлаш, юқори сифатли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдир.

«Ўзбекистоннинг денгизга чиқиши чегараланган, натижада маҳсулотларни бошқа мамлакатларга этказиб бериш харажатлари ошади, — деди Марказий Осиё ФАО Минтақавий бюросининг катта маслаҳатчиси доктор Сумитр Брока. — Яна бир масала — тез айнийдиган маҳсулотларимизни сақлаш ва логистика жараёни учун зарур бўлган совуқ занжирни (омборхона, юк машиналари ва вагон-рефрижераторлар) ривожлантиришдир».

«Ниҳоят, ривожланган мамлакатларга — Ғарбий Европа, Хитой, Япония ва бошқа мамлакатларга экспорт қилишда, маҳсулот сифати ва келиб чиқишига алоҳида жиддий эътибор берадиган йирик супермаркет занжирлари билан ишлаш учун кузатиш тизимини яратиш керак, деди у.

Янги лойиҳа ҳукумат ва хусусий секторни талаб даражасида потенциал экспорт бозорларини таҳлил қилиш ва уларга киришни тартибга солиш (тариф ва нофаол тўсиқларни бартараф этиш), шунингдек, ишлаб чиқариш, таъминот занжири ва экспорт салоҳиятини баҳолаш орқали қишлоқ хўжалиги экспортини ошириш мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлашга қаратилган. Таҳлиллар натижаларига кўра, экспортни ривожлантириш бўйича миллий стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Лойиҳада иккита танланган маҳсулот ва ҳар бири учун бир қанча потенциал бозорлар кўриб чиқилади. Маҳсулотлар мамлакат эҳтиёжларига ва кичик фермерларни самарали жалб қилиш имкониятига асосланган ҳолда танланади.

ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 2014 йилда очилган. 2022 йилгача ҳамкорлик режасига биноан ФАО бир неча устувор йўналишларда Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам кўрсатади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотларга институционал ва стратегик ёрдам; қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, бозорга кириш занжирлари ва барқарор табиий ресурсларни бошқариш, иқлим ўзгариши ва биохилма-хиллик шулар жумласидан.