«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Тошкентдан Санкт-Петербургга парвоз қилган Boeing-767 йўловчи самолёти 2 март куни Москванинг «Пулково» аэропортида қўнгандан сўнг, олд ғилдираклари учиш-қўниш йўлагидан чиқиб юзасидан миллий авиакомпания матбуот анжумани ташкил қилди. Бу ҳада ЎзА хабар берди.

Унда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Учувчилар мажмуаси раҳбари Денис Солодовников журналистларга қуйидагиларни маълум қилди.

— Жорий йилнинг 2 март куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясига тегишли HY631 рейси билан Тошкентдан Санкт-Петербургга парвозни амалга оширган Boeing-767 йўловчи самолёти Москва вақти билан соат 21:59да «Пулково» аэропортида қўнишни амалга ошириш чоғида, унинг олд ғилдираклари учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетди. Ҳодиса оқибатида фавқулодда ҳолат юз бермагани учун йўловчиларни эвакуация қилишга ҳожат йўқ эди. Қайд этиш жоиз, бунинг натижасида ҳеч ким жабрланмаган самолётга зарар етмаган.

Ҳаво кемасига тўхталадиган бўлсак, у тўлиқ парвозга шай ҳолатда, қулай об-ҳаво шароитида Ўзбекистон ҳаво кенгликлари узра парвоз қилганди. Рейс амалга оширилиши олди самолёт тўлиқ техник кўрикдан ўтказилган ва ижобий хулосага эга.

Самолёт белгиланган манзилга етиб боради. Бу пайтда эса «Пулково» аэропортида тун бўйи қор ёққан. Аэропорт учиш-қўниш йўлаги доимий қордан тозаланиб турилгани учун парвозларни амалга ошириш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди. Ҳаво кемаси командири барча вазиятни инобатга олиб, қўниш учун қарор қабул қилади. Шундан сўнг самолёт белгиланган тартибда қўндирилади. Кема эса тўлиқ тўхташ ҳолатига ўтганига қарамасдан сирғалишда давом этади ва олд ғилдираклари йўлакдан чиқиб кетади. Бундай вазиятда фуқаролар жабр кўрмаган ва самолётга техник шикаст этмаган бўлса-да, хавфсизлик нуқтаи назаридан учувчи командирининг сўровига кўра, аэропорт ходимлари воқеа жойига етиб келади ва бортда бўлганларни одатдаги тартибда кутиш зали томон кузатиб қўяди.

Маълум бўлишича, шу куни Boeing-767 йўловчи самолётини Алишер Каримов бошлиқ учувчилар ва борт кузатувчилари бошқарган. Ҳаво кемаси командири «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясида 1988 йилдан бери фаолият юритиб келади. Шу кунга қадар унинг умумий парвоз вақти 15 минг 900 соатни, «Boeing» русумидаги кемаларда эса 6 минг 400 соатни ташкил қилади. Бир сўз билан айтганда, учувчи узоқ йиллик меҳнат фаолиятига ва малакали касб маҳоратига эга.

Матбуот анжумани чоғида журналистлар учувчи билан телефон орқали мулоқот қилиш ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконига эга бўлди.

— «Пулково» аэропортига етиб келганимиздан сўнг, менга учиш-қўниш йўлагининг ҳолати юзасидан меъёрий маълумот берилди, — дейди А.Каримов. — Учувчилар айни шу маълумот асосида қўниш ёки қўнмаслик қарорини қабул қилади. Тақдим этилган маълумот қўнишни амалга ошириш учун компаниямиз сиёсати ва барча талабларига жавоб берарди. Қўниш муваффақиятли кечди. Бироқ учиш-қўниш майдонини бўшатиш учун ҳаво кемаси қисқа тезликда ҳаракатланишда давом этарди. Шу паллада эса олд ғилдираклар сирпанишни бошлади ва ҳаракатланиш ҳудудидан чиқиб кетди. Кема двигателлари тўлиқ тўхтаган бўлса-да, бундай пайтда борт кузатувчилари бригадаси командирини ва аэропорт ходимларини вазият ҳақида хабардор қилишим зарур эди ва шундай йўл тутдим.

Ҳаво кемаси бортида 241 нафар йўловчи (шундан 5 нафарини ёш болалар ташкил қилади) ва 15 нафар экипаж аъзоси бўлган. Йўловчилар бундай вазиятдаги ҳолати ҳақида Борт кузатувчилари бригадаси командири Юлия Журавлева шундай дейди:

— Ҳаво кемаси овоз узатиш мосламалари орқали вазият ҳақида менга хабар берди. Шундан сўнг жамоамиз йўловчилар хавфсизлигини кўздан кечирдик ва жойларида қолишларини сўрадик. Ҳаво кемаси шикастланмаган ва ёнғин чиқмагани боис фавқулодда ҳолат эълон қилишга зарурат йўқ эди. Шу боис фуқароларни кемани тарк этишлари ҳам одатдаги тартибда кечди. Фуқаролар билан суҳбат чоғида улар ҳеч қандай ноқулайлик сезишмагани айтишди.

Қайд этиш жоиз, миллий авиакомпанияда 1995 йилдан буён меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган Ю.Журавлева барча турдаги (Ҳатто янги авлод самолёти — «Boeing 787 Dreamliner» учун ҳам) парвозлар бўйича универсал борт кузатувчиси ҳисобланади.

Зафар Саидазимов «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Санкт-Петербургдаги расмий вакили ҳисобланади. Ушбу рейс билан парвозни амалга оширган фуқароларнинг ҳолати ва воқеа тафсилотлари ҳақида телефон орқали суҳбатда қуйидагилар ойдинлашди.

— Авиакомпаниямиз ўз хизматларини тақдим этиш чоғида зарурат туғилганда қайта боғланиш учун мижозлардан телефон рақамларини кўрсатишларини сўрашади. HY631 рейси якуни бўйича ҳеч ким жабр кўрмаган бўлса-да, мижозларимизнинг воқеадан кейинги ҳолатини билиш, зарурат юзага келганда ёрдам бериш мақсадида улар билан боғланишга ҳаракат қилдик. Аммо уларнинг аксарияти Ўзбекистон ҳудудидагина алоқа қилиш имконини берадиган рақамлар бўлиб чиқди. Саноқли фуқаролар Россия ҳудудида алоқа қилиш имконини берадиган рақамларини тақдим этишган. Улар билан боғландик ва парвоз ҳақидаги ижобий хулосаларини олдик.

Айни пайтда «Пулково» аэропортидаги воқеа юзасидан Россия Федерацияси тергов қўмитаси ва Росавиация тергов олиб бормоқда. Комиссия ҳаво кемаси ҳолати бўйича ижобий хулосаси кутилмоқда. Шундан сўнг Boeing-767 йўловчи самолётини парвозга қайта шайлашимиз мумкин.