Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабига ўқувчи-спортчиларни конкурс асосида танлаб олиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Низомга мувофиқ, гимнастика мактабига ўқувчи-спортчилар бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси ва трамполин спорт турлари бўйича қабул қилинади.

Ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан икки ой олдин гимнастика мактаби томонидан танлов ўтказилиши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон берилади.

Ҳужжатлар ҳар йили 1 августдан 10 августгача (шу куни ҳам) қабул қилинади.

Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синов ҳар йили 20−25 август кунлари гимнастика мактаби биносида ташкил этилади.

Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синов ҳар йили 20−25 август кунлари гимнастика мактаби биносида ташкил этилади. Бунда, синовлар бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси ва трамполин спорт тури бўйича алоҳида кунларда ўтказилади.

Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синовлар видео ёзув орқали ёзиб олинади ва гимнастика мактабида сақланади.

Синовлар мазкур Низомнинг 2−3-4−5-6−7-иловаларига мувофиқ бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси ва трамполин спорт турлари бўйича номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синовларни ўтказиш методикаси ва номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синовларни баҳолаш мезонларига асосан ўтказилади.

Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича синов натижаларига кўра ўқувчи-спортчиларнинг ўтиш баллари тенг бўлиб қолган тақдирда, мактабга спорт мусобақаларида эришган натижалари юқори бўлган ўқувчи-спортчилар қабул қилинади.