Тошкентнинг Яшнобод туманида 12 та ер усти, Юнусобод туманида эса 2 та ер ости метро станциясини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда шанба куни журналистлар билан учрашувда пойтахт ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов маълум қилди.

Яшнобод тумани аҳолисининг ер усти метроси тармоғи қурилиши борасидаги режалар тўғрисида бехабар ҳолатда экани ҳақидаги баёнотга изоҳ берар экан, у қурилиш ишларининг катта қисми саноат бинолари бўйлаб амалга оширилаётганини қайд этди.

«Жорий йилда мазкур йўналишни ишга туширамиз. Умуман олганда, барча бино ва ер эгалари билан келишувга эришганмиз», — деди Даврон Ҳидоятов.

Ер усти метросининг умумий узунлиги 52,1 километрни ташкил этади. Қурилиш ишларини 2021 йилда якунлаш режалаштирилган. Йўналиш метронинг «Дўстлик» станциясидан бошланиб, Қўйлиқ бозоригача давом этади. Сўнгра «Олмазор», «Беруний» ва «Бодомзор» метро станцияларини туташтиради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 20 июлда Яшнобод туманида ер усти метроси қурилиши жараёни билан танишар экан, унинг биринчи босқичини 2019 йил Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топшириш бўйича кўрсатмалар берган эди.