Апрель охиригача Тошкент бош режаси концепцияси 3D форматда тайёрланади. Хитой, Туркия ва Буюк Британия компаниялари уни тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов шанба куни журналистларга маълум қилди.

«2014 йилда Тошкент бош режаси ишлаб чиқилган эди, бироқ сўнгги икки йил ичида барчаси ўзгарди ва бугун у биз хоҳлагандек долзарб бўлмай қолди. Ҳозир унинг устида Туркия, Хитой ва Буюк Британия компаниялари иш олиб бормоқда. Апрел охирида Тошкент бош режаси концепцияси тайёр бўлади ва биз уни эълон қиламиз», — деди у.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев сўзларига кўра, пойтахтни тўлиқ тасвирга олиш учун вертолётларга ўрнатилган аэрофотоаппаратлардан фойдаланилади.

«Бугун биз бош режага тайёргарлик кўриш учун Тошкент вилояти бўйлаб парвоз қилдик («Газета.uz"даги маълумотларга кўра, парвоз Ан-2 самолётида амалга оширилган — таҳр.). Кейинги ҳафта махсус 3D-камералар билан Тошкент устида парвоз амалга оширилади. Бош режа эски бош режаларга ўхшаган бўлмайди», — деди шаҳар ҳокими.

Қайд этиш жоизки, ўтган йили Қозоғистоннинг Олма Ота шаҳрининг 3D-бош режаси тузиб чиқилди. Рақамли харита мегаполис қурилиши билан боғлиқ кўплаб жараёнларни онлайн режимда амалга ошириш имконини берди. Бош режага ҳар бир бинонинг электрон паспорти киритилган бўлиб, ер-кадастр, фойдаланишга топшириш баённомалари ва бошқа ҳужжатларни рўйхатга олишга замин яратади.