Тошкентда Captiva автомобили ичида табиий газ тўлдирилган ҳаво шарларининг портлаши натижасида куйиш жароҳатини олган уч киши шифохонага ётқизилди, дея хабар қилди ИИББ матбуот хизмати.

Яшнобод туманидаги 6-туғруқхона мажмуаси яқинида содир бўлган ҳодиса ҳақида 15 февраль куни 00:20 да 102 рақам орқали хабар қилинди.

Ҳодиса сабабини аниқлашда машина салонида 20 дона газ тўлдирилган шар мавжудлиги маълум бўлди. салонда бўлган уч нафар ёш эса сигарет чеккан. Аланга натижасида уларнинг қўл ва юзлари куйган.

ИИББ фуқароларни ҳаво шарларидан фойдаланишда эҳтиёткор бўлишга чақирди. Шарларнинг айнан гелий билан тўлдирилганига ишонч ҳосил қилмоқ лозим. Бошқа енгил шарлар тезда аланга олиб, ёнғинга сабаб бўлиши мумкин. Ҳаво шарлари олдида чекиш тавсия этилмайди.

Қайд этиш жоизки, Тошкентда енгил газлар билан тўлдирилган шарларни сотиш кенг тарқалган ҳолат. Улар серқатнов кўчалар ва одамлар гавжум ерларда сотилади.