11 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида суперлига ва про-лига ҳакамлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, ПФЛ бош директори Омон Ғофуров иштирок этди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

«Равшан Эрматов бутун дунёда ҳурматга сазовор ҳакам ҳисобланади. У эндиликда суперлига ва про-лига ҳакамларига кураторлик вазифасини бажаради. Ўзининг катта тажрибаси ва маҳорати билан бошқа ҳакамларга ҳам малака оширишга ёрдам беради. Ҳакамларимиз фақат Ўзбекистон доирасидаги учрашувларда ишлаб қолмай, FIFA ва AFC таснифидан ўрин олган ўйинларда кўпроқ ишлашларига эришишимиз зарур. Бунинг учун ҳар бир ҳакам ўз устида кўп ишлаши, меҳнат қилиши талаб этилади. Шундагина ривожланишни кузатиш мумкин бўлади», — деди Умид Аҳмаджонов.