Тошкент давлат аграр университети декан ўринбосари Х.А. университетнинг 2-босқич талабаси А.дан уни якуний имтиҳонларга киришига рухсат бериш эвазига 600 минг сўм олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати. Тезкор тадбир Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти томонидан ўтказилди.

Бундан ташқари, Х.А. мунтазам равишда дарс соатларини қолдирган 11 нафар талабани имтиҳонларга киришларига рухсат бериши эвазига олган жами 4,6 млн сўм пул маблағларини ихтиёрий равишда тақдим қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.А.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.