Тошкент давлат юридик университети учун тест синовларидаги фанлар тақсимотида ўзгариш юз берди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев ўзининг телеграмдаги канали орқали хабар берилди.

Давлат қабул комиссиясининг 2019 йил 31 январдаги 15-сон мажлис баёнига биноан, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетининг «Юриспруденция (фаолият турлари бўйича)» бакалавриат таълим йўналиши учун тест бўйича мувофиқ келувчи фанлар мажмуаси қуйидагича белгиланди:

Она тили ва адабиёти фани бўйича — 3,1 балл;

Чет тили фани бўйича — 2,1 балл;

Тарих фани бўйича — 1,1 балл.

Хушнудбек Худайбердиевнинг ёзишича, ТДЮУ маъмурияти ҳам ушбу ўзгаришни тасдиқлади. Уларнинг таъкидлашича, талабаларда юрист кадрлар учун муҳим аҳамият касб этадиган таҳлилий фикрлаш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ҳамда улардан фойдаланиш, ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва қўллаш каби билим ҳамда кўникмаларни шакллантириш учун тил билиш қобилияти, шу жумладан хорижий тилларни мукаммал ўзлаштириш зарур. Шу сабабли фанлар тақсимоти ўзгарган.