Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш ва пулларни «ювиш"га қарши кураш бўйича халқаро ҳамжамиятнинг барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Шуҳрат Вафоев чоршанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб мажлисида маълум қилди.

Британиянинг Open Democracy нашри яқинда ўтказган изланишларда Tashkent City лойиҳаси 3-лотнинг асосий инвестори Германиянинг Hyper Partners компаниясининг (Дитценбахда 2018 йил 22 январда рўйхатга олинган) ягона эгаси 19 ёшли шахс эканини аниқлаган эди.

Аввалроқ инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Лазиз Қудратов изланишга изоҳ берар экан, миллий қонунчиликда вазирликка муассис ҳақида қўшимча маълумотларни талаб қилиш ҳуқуқи берилмаганини таъкидлаб ўтган эди. Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса «Компания кеча ташкил этилдими, ўтган куними, муҳим эмас. […] Ҳар бир инвестордан пулларни қаердан олгани, улар банк орқали қандай етиб келганини сўраш бизнинг ваколатимизга кирмайди. Агар ҳар бир инвестордан бенифициарини сўрайдиган бўлсак, Ўзбекистон дарвозаларини ёпиб қўйсак ҳам бўлади, бу ерга ҳеч ким келмайди», — деди.

«Газета.uz» мухбири мазкур мажлисда Ўзбекистон бир неча ой муқаддам ташкил этилган бўлсалар ҳам бенефициарлар ва инвестор компаниялар даромадлари манбалари ҳақида маълумотларни талаб қилмаслиги ростми, деган саволни берди.

«Расман изоҳ беришни хоҳлайман: Ўзбекистон даромадларни легаллаштириш, пулларни ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича халқаро ҳамжамиятнинг барча саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди», — дея таъкидлади Шуҳрат Вафоев.

У Ўзбекистоннинг Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш бўйича махсус гуруҳи (ФАТФ) аъзоси эканини эслаб ўтди.

«ФАТФ Бош прокуратура ва Марказий банкнинг улкан саъй-ҳаракатлари эвазига 2007 йилда бизни рўйхатдан чиқарди. Унинг норасмий номи «қора рўйхат», расман қонунчилик пулларни ювиш ва молиявий терроризмни амалга оширишга имкон берадиган шубҳалар туфайли кузатув остида бўлган давлатлар рўйхати.

Шуҳрат Вафоев жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш учун Бош прокуратуранинг махсус бўлинмаси — Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ҳамда норматив-ҳуқуқий база мавжудлигини таъкидлаб ўтди.