2 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон бокс федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Ташкил этилган ҳисобот-сайлов Конференцияси кун тартибидан ўрин олган энг асосий масала Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосарини сайлашдан иборат эди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Конференцияда ушбу масъулиятли лавозимга Сакен Жетибаевич Пўлатов номзоди илгари сурилди. Маълумот учун, С.Пўлатов 1975 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Маълумоти олий. «Orient Finans Bank» бошқарув кенгаши раиси. Бир неча йилдан буён спорт соҳасида, жумладан Тошкентнинг «Локомотив» футбол клуби тизимида фаолият олиб боради. Унинг қўл остида «Локомотив» жамоаси қисқа муддат ичида юртимизнинг етакчи жамоалардан бирига айланиб улгурди.

Мазкур номзод конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Шу тариқа, Сакен Пўлатов Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди.

«Авваламбор билдирилган ишонч учун барчага раҳмат айтмоқчиман. Насиб қилса, ҳали катта ютуқларга эришамиз. Бунинг учун албатта биргаликда, ҳамжиҳатликда иш олиб боришимиз лозим», — деди Сакен Пўлатов.

МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов ҳам Сакен Пўлатов ҳақида илиқ фикрларни билдириб ўтди.