Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги этиб қайта ташкил этилди ва президент Администрацияси тузилмасига ўтказилди.

«Газета.uz"нинг агентликдаги ахборот манбаси хабарига кўра, президент Шавкат Мирзиёев агентликни қайта ташкил этиш тўғрисидаги фармон ва қарорни имзолаган.

Идора Вазирлар Маҳкамаси юрисдикциясидан чиқарилиб, давлат ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги ваколатли органга айлантирилган.

Оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, матбуот хизматлари фаолиятини яхшилаш ҳамда давлат органлари очиқлигини таъминлаш унинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари агентликнинг ахборот соҳасидаги топшириқларини бажаришга мажбур.

Агентлик директори давлат раҳбари маслаҳатчиси ўринбосарига тенглаштирилди.