Иқтисодиёт ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ғуломов Туркиянинг Demir Group компанияси раҳбари Аҳмет Дамирнинг «Халқ сўзи» газетасига берган интервьюсидаги «Чорсу» меҳмонхонасини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга оширишдаги муаммолар тўғрисидаги баёноти юзасидан изоҳ берди.

«Энг катта муаммоимиз — қоғозбозлик. Масалан, бир пайтлар айтиб ўтганимдек, бизга қўшимча ер керак. Чунки меҳмонхона камида тўрт юлдузли бўлиб, 350 та хонадан иборат бўлади. Хорижлик ҳамкорларимиз бундай йирик иншоотда намунали хизмат кўрсатиш учун 2 гектарлик майдон камлик қилишини айтишганди. Шундан сўнг биз Тошкент шаҳар ҳокимияти ва бошқа мутасаддиларга қўшимча ер майдони ажратиш бўйича мурожаат этгандик. Натижада яна 3 гектар ер қўшиб берилишини ваъда қилиниб, бу ҳақда давлат раҳбарининг қарори ҳам чиқди», — деган эди тадбиркор.

Аҳмет Демир ўша қарор ҳануз бажарилмагани, натижада ишлар сустлашганини таъкидлаб ўтди. «Энг ёмони, банкдан кредит ололмаяпмиз. Банкка иккита кадастр ҳужжатини кўтариб бориб, кредит сўрасам, „Бизнес-режангизда кўрсатилган мана бу ҳудуднинг ҳужжати қани?“ дейишади. „Мутасадди идоралар кейин қилиб берар экан“, дейман. Аммо улар ҳам четдан келмаган, шу юртнинг фуқаролари. Яхши билишадики, „Кейин қилиб берилади“, дегани баъзан „Ҳеч қачон қилиб берилмайди“, деганини англатади», — дейди Аҳмет Демир.

Равшан Ғуломов Аҳмет Демирнинг бевосита тилга олгани йўқ, аммо «Чорсу» меҳмонхонаси инвестори ўз мажбуриятларини бажармаганини айтиб ўтди.

«Мана — Tashkent City. У амалга оширилмоқда, лотлар адо этилаяпти. Ярим километрча масофада — „Чорсу“ меҳмонхонаси. 20 йиллик узоқ қурилиш. Турли тарихлар бўлди. икки йил олдин турк инвесторига бепулга берилди. У ҳеч нарса қилмади. Катта ваъдалар бўлди, 30 млн доллар чет эл инвестицияси ваъда қилинди. Натижани кўриб турибмиз. Буни бажариш ўрнига, икки йил шунчаки ўтди, ҳозир интернетга чиқиб: „Менга ўзбек банклари пул бермади, шунинг учун барчаси барбод бўлди“, — демоқда. Ўзбек банкларининг нима алоқаси бор бу ерда?», — деди Равшан Ғуломов.

2017 йилда турк компанияси узоқ йиллардан буён бўш турган собиқ «Чорсу» меҳмонхона мажмуаси бино ва иншоотлари ҳамда шу номдаги майдонни «ноль» қийматда сотиб олган эди. Лойиҳа қиймати 33 млн долларни ташкил этиб, 2019 йил сўнгига қадар фойдаланишга топширилиши лозим эди.

Видео