Туркиянинг Demir Group компанияси Тошкентнинг эски қисмида «Эски Шаҳар» туристик зонасини барпо этади. Лойиҳани амалга ошириш учун компания Inter Tourism қўшма корхонасини ташкил этди.

Ўзбекистон Президенти 7 сентябрдаги қарори билан узоқ йиллардан буён бўш ётган «Чорсу» меҳмонхона мажмуасининг бино ва иншоотларини «ноль» қийматда Demir Group компаниясига сотиш тўғрисидаги таклифларни тасдиқлади.

Demir Group тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан меҳмонхона мажмуаси ва бизнес марказ ташкил этиш орқали меҳмонхонани реконструкция қилишни кўзда тутган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади.

Туркия компанияси лойиҳага икки йил давомида 33 млн АҚШ доллари миқдоридаги шахсий ва Ўзбекистон ҳукумати кафолатисиз жалб қилинувчи маблағларни жалб қилиш ҳамда Ўзбекистон фуқаролари учун энг камида 350 иш ўрнини яратиш мажбуриятини олди.

«Эски Шаҳар» туристик зонаси замонавий меҳмонхона, савдо-кўнгилочар, соғломлаштириш ва сайёҳлик мажмуаларини ўз ичига олади.

Меҳмонхона мажмуасида хизмат кўрсатиш даражаси тўрт юлдузли меҳмонхоналарникидан кам бўлмаслиги, уни бошқаришда халқаро меҳмонхона брендларидан шериклар жалб қилиниши, 270 та хона, ресторан, дўконлар, SPA-салонларга эга бўлиши, шунингдек ободошлаштирилган ҳудуди зарур инфратузилмалар билан таъминланиши лозим.

Inter Tourism ҚК ҳамда унинг пудратчи ва субпудратчилари лойиҳани амалга ошириш якунланиши режалаштирилган 2019 йилнинг 31 декабрига қадар божхона имтиёзларига эга бўлди. Турзона фойдаланишга топширилганидан сўнг Inter Tourism етти йил муддатга даромад, мол-мулк ва бошқа солиқ ҳамда мажбурий йиғимлардан озод бўлди.

«Эски Шаҳар» ҳудудида ташкил этилувчи тадбиркорлик объектлари, ҳунармандчилик устахоналари ҳамда маданий-маърифий, маънавий-диний маҳсулотлар ва хизматларни сотувчи дўконлар ҳам уч йил муддатга қатор солиқ тўловларидан озод қилинади.