Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан қатор вазирликлар ва идоралар вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари ҳамда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Оролбўйи маркази мутахассисларидан иборат Идоралараро ишчи гуруҳи ўз фаолиятини бошлади, дея хабар қилди Инновация вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Нукусда мазкур ишчи гуруҳ аъзолари иштирокидаги давра суҳбатида Орол денгизи қуриб қолиши билан боғлиқ муаммолар, Орол денгизи фожиасининг салбий оқибатлари, шунингдек, Оролбўйининг экологик ҳолатини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Оролбўйи ҳудудида Концепцияни амалга оширишдаги бирламчи вазифалар бўйича келишилди, жумладан,мутахассислар Орол денгизининг қуриб қолган тубига ўсимликлар уруғлари ва кўчатлар экишдан аввал унинг мониторингини ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Мониторинг доирасида Орол денгизи дельтасини ва қуриб қолган тубини космосдан сунъий йўлдошлар орқали кузатиш ва ер усти экспедициялари натижаларидан олинган маълумотларни йиғиб, таҳлил қилиш кўзда тутилмоқда. Бунда ҳудуднинг қайси ерига экин экиш мумкинлиги, қайси жойларига алоҳида ишлов бериш зарурлиги, айнан қандай ўсимлик турларини кўпайтириш ижобий самара бериши мумкин, чўл ҳудудида яшайдиган қандай жонивор ва ҳайвонларни кўпайтириш имконияти мавжудлиги ўрганилади.

Шунингдек, Орол денгизи фожиаси оқибатларини камайтириш бўйича амалга ошириладиган ишларга халқаро ташкилотлар ва қўшни мамлакатлардан мутахассисларни таклиф этиш лозимлиги қайт этилди. Концепция муҳокамасига гидрометеорология хизмати, энергетика, туризм соҳалари вакиллари, зоолог ва ботаникларни жалб қилишга келишилди.

Ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишида қурғоқ ва шўрлаган тупроқли ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширган хориж мамлакатлари тажрибалари таҳлили, Концепциянинг қўшни давлатлар ва халқаро инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш ҳамда инновацион ишларнинг мазмуни ва йўналишлари бўйича ғояларни муҳокама қилишга келишилди.