Мўйноқда бир ойдан зиёдроқ вақтдан бери Орол денгизининг қуриган тубини ўрмонзорга айлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 338,1 минг гектар майдон саксовул экиш учун тайёрланган бўлса, 109,8 минг гектарига 443 тоннадан ортиқ саксовул уруғи сепиб чиқилди, бориш қийин участкаларга эса авиация ёрдамида уруғлар сепилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастури хабар қилди.

Вазифа — йил давомида Оролнинг қуриган тубидаги 500 минг гектардан зиёд майдонни ўзлаштириш. 530 дан ортиқ тракторлар, йўлтанламаслар, экскваторлар ва иккита Ан-2 самолёти жалб қилинган. Олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги отрядлари, Давлат ўрмон хўжалиги қўмитаси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши мутахассислари ва бошқа ташкилотлар ходимларидан иборат штаб ташкил этилди.

«Биринчи босқичда Орол денгизининг қуриган тубида кўтарилаётган қум, чанг-тўзонларнинг олдини олиш мақсадида айнан шамол йўлини тўсадиган 500 минг гектарлик ер майдонини танлаб олганмиз. Бунинг натижасида экаётган саксовулзорларимиз иккинчи йилдан бошлаб 20 фоизга, бешинчи йилдан бошлаб 70 фоизга 7−8-йилдан бошлаб, яъни 10 йилдан кейин 100 фоиз Орол денгизининг қуриган тубидан кўтарилаётган чанг, туз бўронларини тўхтатиш учун асос бўлади», — деди Давлат ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси ўринбосари Ғолибжон Қурбонов.

Саксовул уруғларини маҳаллий аҳоли келтириб бермоқда — 1 кг уруғ учун 15 минг сўмгача тўланмоқда. Энг фаол уруғ тўпловчилар кунига 150 минг, ойига 4,5 млн сўмгача ишлаб топмоқда.

2018 йил 24 август куни Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари йиғилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Орол фожиаси оқибатларини бартараф қилиш таклифини илгари сурган эди. У 10−12 йил ичида денгизнинг бутун қуриган тубини ўрмонлаштириш ва у ерда юқори самарадорликка эга яйловлар ташкил этиб, чорвачиликни ривожлантириш учун қулай имконият яратиш мумкинлигини маълум қилди.