Сургут-Москва рейси самолётини қўлга олишга уринган йўловчи ушланди, дея хабар қилди РИА Новости Россия Тергов қўмитасига таяниб.

«У муқаддам сургутлик фуқаронинг мулкига зарар етказгани учун судланган экан», — дея қайд этди қўмита.

Йўловчилар ва экипаждан ҳеч ким жабрланмади. Йўловчига нисбатан «Зўравонликни қўллаган ҳолда ҳаво кемасини олиб қочиш» моддаси бўйича иш қўзғатилди. У 7 дан 12 йилгача муддатга қамалиши мумкин.

Сургут-Москва рейси йўловчиси маст ҳолатда қуроли борлигини айтиб, учувчилар кабинасига киришга уринади ва йўналишни, қатор ОАВ маълумотларига кўра, Афғонистон томонга буришни талаб қилади. Экипаж йўловчини ҳаво кемасига қўшимча ёқилғи қуйдириб олишга кўндиради ва Ханти-Мансийскка қўндиришга рози қилади.

Россия Миллий антитеррор қўмитаси экипаж командири самолётни яқин аэропортга қўндириб, ягона тўғри қарор қабул қилганини таъкидлади.

Тергов қўмитаси ходимлари аэропортга етиб келди ва ҳаво бандаргоҳи ҳудуди қуршаб олиниб, одамлар эвакуация қилинди. Жиноятчи яна бир муддат самолёт салонида қолади, бироқ тез орада қўлга олинади.

Ҳодисадан сўнг «Аэрофлот» йўловчилардан бортга чиқишда хавфсизлик чораларига риоя қилиниши устидан назорат кучайтирилганини тўғри тушунишни сўради.

Авикомпания маълумотига кўра, ҳодиса «Аэрофлот» фаолиятига таъсир қилмаган, барча рейслар жадвал бўйича амалга оширилмоқда.