Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 январь куни расмий ташриф билан Германия пойтахти Берлин шаҳрига келди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 21 январга мўлжалланган. Президент Шавкат Мирзиёев Берлинда федерал президент Франк-Вальтер Штайнмайер, федерал канцлер Ангела Меркель ва Бундестаг раиси Вольфганг Шойбле билан учрашувлар ўтказади.

Музокараларда Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар, фан-таълим ва туризм соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш каби масалаларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.

22 январь куни Мюнхен шаҳрида Бавария Бош вазири Маркус Зёдер ҳамда Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Германияда ўқиётган, илмий изланишлар олиб бораётган бир гуруҳ ўзбекистонлик ёшлар Берлинда президент Шавкат Мирзиёевни катта хурсандчилик билан кутиб олди.

Мамлакат делегацияси жойлашган қароргоҳ олдида самимий суҳбат бўлиб ўтди. Давлат раҳбари ватандошларнинг ўқиш ва ишлари, орзу-истаклари билан қизиқди.

«Ривожланган давлатлар барча соҳаларга илмий ёндашиб натижага эришган. Биз ҳам жуда катта изланишдамиз. Бутун ҳаракатларимиз дунё билан тенг бўлишга, халқимизга муносиб ҳаёт яратишга қаратилган. Ислоҳотларни сиздек илғор ёшлар билан бирга амалга оширамиз. Ҳамма ўрганган билим, «ноу-хау"ларингни Ўзбекистоннинг ҳар бир соҳаси интиқлик билан кутяпти. Қанча кўп билимли бўлсак, шунча қудратли бўламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ёшларни ўқиш ва изланишларини муваффақиятли тугатиб, билим ва тажрибаларини мамлакат ривожига йўналтиришга таклиф этди.