«Ўзстандарт» агентлиги Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ташкилоти (ILAC) ва Халқаро аккредитация қилиш форуми (IAF)нинг тўлақонли аъзолари ҳисобланган давлатлар рўйхатларини эълон қилди. Ушбу ахборот айрим товарларни сертификатлаштирмай олиб киришлари мумкин бўлган тадбиркорлар учун мўлжалланган. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2018 йил 12 декабрдаги қарорига мувофиқ, устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан кўп миқдорда бўлмаган тадбиркорлик субъектлари учун (эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари бундан мустасно) 2019 йил 1 январдан бошлаб олиб кириладиган маҳсулотларни сертификатлаштиришнинг соддалаштирилган режими жорий этилган.

Чунончи, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ихтисослашган ва қишлоқ хўжалиги техникаси, технологик ускуналар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, шунингдек мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ноозиқ-овқат хом ашё, материаллар ва буюмлар Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилаётганда мажбурий сертификатлаштиришдан озод қилинган.

Олиб кирилаётган товар учун ILAC ва IAF’нинг тўлақонли аъзолари ҳисобланган давлатларнинг сертификатлаштириш органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари ёки синов баённомалари тақдим этилган тақдирда ушбу қоида амал қилади.