15 январь куни Юнусобод тумани 12-мавзеда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг тўртинчи босқич талабаси жасади арқонга осилган ҳолатда топилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

23 ёшли Ш. М. 7:50 да пиёдалар йўлагидаги дарахт устунига ўзини осган. Воқеа жойига етиб келган тезкор-тергов гуруҳи ходимлари томонидан мурда кўздан кечирилганда, унинг танасида бирор-бир ташқи тан жароҳати излари топилмаган.

Судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки хулосасига кўра, Ш. М.нинг ўлими «бўйин аъзоларини сиртмоқ билан сиқилишидан келиб чиққан механик асфиксия. Бўйнида странгуляцион эгат» натижасида юзага келганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича Юнусобод туман прокуратурасида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширувнинг бориши Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган.

Университет талабаларидан бирининг «Газета.uz"га маълум қилишича, Ш. М. «Халқаро муносабатлар» факультетида таҳсил олган. Унинг сўзларига кўра, 14 январь куни кечқурун у қариндошлари билан учрашишини айтиб, ЖИДУ талабалар ётоқхонасини тарк этган.