Ўзбекистон тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги 320 та лойиҳа доирасида 4,2 млрд доллар ўзлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов 9 январда бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб мажлисида маълум қилди.

2019 йилги Инвестиция дастурига умумий қиймати 16,6 млрд доллар бўлган 3000 дан ортиқ лойиҳа киритилган. Жумладан, 3,2 млрд долларлик 140 та ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш режалаштирилган.

«Албатта, бу Ўзбекистоннинг бутун инвестициявий салоҳиятини ўзда акс эттирмайди. Сўнгги вақтларда мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати шарофати билан янада кўпроқ хорижий инвестициялар жалб этилиши мумкин. Бугун қўмита турли соҳалар, жумладан тўқимачилик (1 млрд долларга яқин), мева-сабзавотчилик (900 млн доллар), туризм (700 млн доллар) соҳалари ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш (1 млрд доллардан ортиқроқ) бўйича йирик лойиҳаларни ўз ичига олувчи умумий қиймати 11 млрд доллар бўлган инвестицион таклифлар пакетини ишлаб чиққан», — деди Давлат инвестициялар қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилда инвестицияларни жалб этишда вилоятларнинг улуши икки баробарга ортади. «Аввал ҳудудлар улуши 36−37 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу рақам 50 фоизгача ортади. Ҳудудларда ўзлаштирилган тўғридан-тўғри инвестициялар икки баробардан ортади. Агар 2−3 йил аввал биз ҳудудларга 700−800 млн доллар жалб этган бўлсак, бу йил сўнгига қадар қарийб 2 млрд доллар бўлиши кутилаяпти», — деди у.

Лазиз Қудратов invest.gov.uz инвестиция портали орқали маҳаллий тадбиркорлар лойиҳа таклифларини ўз ичига олган аризаларни қолдириш орқали хорижий инвесторларни топишлари мумкинлигини эслатиб ўтди. Давлат инвестиция қўмитаси мутахассислари инвесторлар учун халқаро стандартлар бўйича инвестицион таклифларни тайёрлайди.