Zeromax компаниясининг собиқ ижрочи директори Миродил Жалоловга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартирилди, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбаси.

«Айни вақтда Жиноят кодексининг 167-(ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалари бўйича айблов эълон қилинган Миродил Жалоловга нисбатан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дея қайд этди «Газета.uz суҳбатдоши.

«Газета.uz"нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги ахборот манбаларининг маълум қилишича, 8 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди эҳтиёт чорасига ўзгартиш киритган.

Суд Миродил Жалоловни ЖКнинг 167-модда 3 қисм «а» банди (кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 228-модда 2-қисм «а» ва «б» бандлари (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб) ҳамда 228-модда 3-қисми (ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш) бўйича айбдор деб топди.

Суд қарори билан судланувчига 17,687 млн сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилди.

Миродил Жалолов 2017 йил февралида ҳибсга олинган эди.

Швейцарияда рўйхатга олинган Zeromax GmbH компанияси Ўзбекистонда 2005 йилда ўз фаолиятини бошлаган эди. Компания Ўзбекистон иқтисодиётининг кенг жабҳалари, жумладан озиқ-овқат, тўқимачилик ва пахта саноати, энергетика ва спорт фаолият юритди.

2010 йил октябрида Zeromax банкротлик тўғрисида расман эълон қилди ва компания активлари давлат фойдасига мусодара қилинди.