Полковник Маҳамадали Исмоилов ноябрда Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Пробация хизмати бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Пробация хизмати Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизмати ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасининг Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини назорат қилиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида ташкил этилган эди. У 1 январдан ўз фаолиятини бошлади.

Хизматнинг вазифалари — ИИОнинг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни (жарима, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ва ҳ.к.) ижро этиш бўйича фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда самарали ташкил этишдан иборат.

Хизмат назорат остидагилар, шунингдек жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган вояга етмаганларнинг ижтимоий мослашуви ва ишга жойлашишига, шу жумладан уларнинг касбий тайёргарлиги бўйича тадбирларни ташкил этиш орқали ҳар томонлама амалий кўмаклашиш билан ҳам шуғулланади.