Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума куни парламентга анъанавий мурожаатида фуқаролар солиқдан қочиш эмас, уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши кераклигини таъкидлади.

«2019 йилдан бошлаб жорий этилаётган янги солиқ концепциясининг энг асосий ғояси, солиқ юкини камайтириш, содда ва барқарор солиқ тизимини қўллашни кўзда тутади. Шу орқали иқтисодиётимиз рақобат-бардошлигини ошириш, тадбиркор ва инвесторлар учун ҳар томонлама қулай муҳит яратишга эришиш мумкин», — деди давлат раҳбари.

«Афсуски, ялпи ички маҳсулотда „яширин“ иқтисодиётнинг улуши катта бўлиб, бу мамлакат ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда», — дея давом эттирди у.

Шавкат Мирзиёев солиқ юкини камайтириш, бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш, «яширин» иқтисодиётга барҳам беришнинг ягона йўли эканини айтиб ўтди. Шунинг учун бу борада таъсирчан чораларни назарда тутадиган алоҳида дастур ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди.

«Бундан ташқари, ўзимизда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинаётган юқори ликвидли маҳсулотлар маркировкасини жорий этиш бўйича, жадал иш олиб бориш талаб этилади», — деди президент.

«Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритадиганларни эса жазолаш кўзда тутилиши шарт», — деди давлат раҳбари.

«Маълумки, солиқ ставкалари пасайтирилиши ёки айрим солиқлар бекор қилиниши билан, бюджетга тушадиган маблағ албатта кам́аяди, — дея давом эттирди давлат раҳбари. — Буни самарали солиқ маъмуриятчилиги орқали бартараф этиш ва бюджет барқарорлигини таъминлаш мумкин. Айнан шунга эришиш биринчи галдаги вазифамиздир. Солиқ маъмуриятчилиги шундай бўлиши керакки, қўшилган қиймат солиғи кенг жорий қилинса ҳам, бу ҳолат истеъмол товарларининг нархи ўсишига олиб келмаслиги шарт ва зарур».

Молия вазири ва Давлат солиқ қўмитаси раиси солиқ маъмуриятчилиги самарадорлиги ҳамда бюджет ва истеъмол маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлашга, шахсан масъул этиб белгиланади.

«Солиқ ю́кини камайтириш ҳисобига барчага бир хил адолатли солиқ режимини жорий этиш, солиқ имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилиш лозим. Зеро, берилган имтиёз рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётганини, тадбиркорларнинг ўзлари ҳам эътироф этмоқдалар. Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда ана шу масала бўйича „йўл харитаси“ ишлаб чиқиш вазифаси топширилади», — деди президент.