Ўзбекистон президенти қарори билан Ички ишлар вазирлиги ва ҳудудий тизимларида раҳбарлик лавозимларига тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раислигида бўлиб ўтган йиғилишда ички ишлар вазирининг ўринбосарлари таништирилди. Жумладан, Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Муҳиддин Жўраев лавозимидан озод этилиб, ички ишлар вазирининг Жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шунингдек, вазирлик Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғи, полковник Шавкат Мавлонов эса Ички ишлар вазирининг Туризм ва транспорт объектларида хавфсизликни таъминлаш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига эса вазирлик Жиноят қидирув бош бошқарма бошлиғи лавозимида хизмат қилган полковник Илҳом Қутлимуратов тайинланди.

Подполковник Маматмусаев Мирзоқул Мавлонқулович Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланди.