2018 йил 24 декабрда қабул қилинган «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарорига мувофиқ ҳудудий ички ишлар органларида Жамоат хавфсизлигини рағбатлантириш жамғармалари ташкил этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишлар бўйича ундирилган жарима маблағлари Жамоат хавфсизлигини рағбатлантириш жамғармаларини шакллантириш манбаларидан бири этиб белгиланди.

Шунга кўра, жамғарма маблағлари қуйидагилар учун сарфланади:

бириктирилган ҳудудда жиноятлар даражаси пасайган, уларни олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирлари ўз вақтида кўрилган ҳолларда фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари, профилактика (катта) инспекторлари ва уларнинг ёрдамчилари ҳамда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмасининг алоҳида ўрнак кўрсатган аъзоларини моддий рағбатлантириш;

жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда амалий ёрдам кўрсатган фуқароларни бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш, қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш.