2018 йил 24 декабрда қабул қилинган «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарорига мувофиқ профилактика инспекторларининг ёрдамчиларига тегишли тавсияга асосан ички ишлар органларининг олий таълим муассасаларига, шу жумладан касбий тайёргарлик факультетига квота асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Шунингдек, ҳар бир маҳаллада «Фидокор ёшлар» жамоатчилик патруль гуруҳлари шакллантирилади.

Ҳужжатга мувофиқ, барча даражадаги ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбар ходимлари ҳамда профилактика (катта) инспекторларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фақат Ички ишлар вазирлигининг Малака ошириш институти филиалларида (аудиторияларида) узлуксиз асосда амалга оширилади.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг академик лицейларида ходимларнинг малакасини ошириш бўйича директор ўринбосари лавозими жорий этилади.

Қарор билан профилактика (катта) инспекторлари учун ҳар йили Ички ишлар вазирлиги Академиясида сиртқи таълим олишга қабул қилинадиган ходимлар (ҳарбий хизматчилар) умумий сонининг ўн беш фоизи миқдорида қабул квотаси ажратилади.