Ўзбекистонда моддий маданий мерос объектларига ноқонуний эгалик қилиш, фойдаланиш ҳамда уларга зарар етказиш ҳолатларига чек қўйилмаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевнинг 20 декабрь куни «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси ҳақида"ги ахборотига оид парламент эшитувида маълум қилинди, дея хабар берди Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Вазирнинг қайд этишича, ҳозирги кунга қадар «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонунда назарда тутилган вазифа — маданий мерос объектларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш, уларнинг ҳудудларидан фойдаланиш, тарихий-маданий қўриқхоналар, музей-қўриқхоналар ва тарихий масканларни ташкил қилиш, сақлаш режимларини белгиловчи қонуний механизмлари белгиланмаган ва қабул қилинмаган.

Президентнинг 16 январдаги «Моддий маданий ва археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармойиши билан 1 майга қадар моддий маданий ва археология мероси объектларини хатловдан ўтказиш, хатлов натижалари бўйича объектлар тўғрисида батафсил маълумотларни ўз ичига олган ва доимий янгиланиб борувчи ягона электрон маълумотлар базаси яратиш белгиланган бўлса-да, бироқ, амалда тўлиқ бажарилмаган.

Ўрганишларда 259 та объектга жиддий зарар етказилгани аниқланган. Моддий маданий мерос объектларининг атиги 2608 тасининг (34,14%) кадастр ҳужжатлари мавжуд, 2232 тасига (29,5%) муҳофаза белгилари ўрнатилган, холос. Обидаларнинг аксарияти таъмирталаб аҳволга келиб қолган, уларнинг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш талаб даражасида эмас.

Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза ҳудудларида талаб ва меъёрларга зид равишда қурилиш ишларини олиб бориш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Аксарият жойларда ўз касбининг эгалари — археолог, меъмор, санъатшунослар ишламаяпти, моддий маданий ва археология мероси объектларининг ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ишлари якунланмаган. Бундай объектларни ижарага бериш тизими такомиллаштирилмаган. Масалан, Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги «Сайид Оталиқ» мадрасаси (XVII аср) ижарага берилган бўлиб, ҳозирда мадраса хоналаридан омборхона сифатида фойдаланилмоқда.

Парламент эшитувида маданият вазири тақдим этган маълумотга кўра, мамлакатимизда 7476 та моддий маданий, 107 та номоддий маданий мерос объекти мавжуд. Музейларда 2,5 миллиондан зиёд экспонат ва коллекция мавжуд, архивларда маданий мерос объектлари бўлган миллионлаб ҳужжатлар сақланмоқда. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари Умумжаҳон мероси рўйхатига, Шошмақом, Наврўз, Бойсун маданий муҳити, Аския, Катта ашула, Палов маданияти ва анъанаси, Марғилон ҳунармандчилик мактабининг атлас ва адрас тўқиш технологияси каби номоддий маданий мерос намуналари ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритилган.

Шунингдек, Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги концеларияси ҳужжатлари «Жаҳон хотираси» дастуридан жой олган. Яна бир муҳим жиҳат шуки, мамлакатдаги 180 дан ортиқ халқаро сайёҳлик йўналишларининг 140 дан ортиғи айнан тарихий-маданий мерос объекти билан боғлиқ.

Шу боис, моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш ва реставрация қилиш ишлари учун кейинги йилларда республика бюджетидан ажратилаётган бюджет маблағлари сезиларли даражада оширилди. Жумладан, «Миллий тикланиш» ДП фракцияси ташаббуси билан, 2018 йилда 46 млрд 569 млн сўм ажратилган бўлса, 2019−2021 йилларга мўлжалланган Бюджетномада 2019 йилда 67 млрд сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилди. Шу билан бирга, фракция таклифига кўра, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан ҳам алоҳида маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.